Россиялик актриса Instagram'даги пости сабаб суд қилинади

Маданият-санъат 21180
image

Россиялик актриса Кристина Асмус Instagram'даги ҳаракатлари сабаб маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС нашри хабар бермоқда.

Унга нисбатан Россия Қуролли Кучларини обрўсизлантириш иши бўйича айблов эълон қилинмоқда. 

Гап шундаки, актриса Россиянинг Украинада амалга ошираётган “ҳарбий операцияси”га нисбатан салбий муносабати акс этган матнли суратни жорий йилнинг февраль ойида Instagram'га жойлаштирган. Бугунги кунда Асмуснинг саҳифасида ушбу пост мавжуд эмас. Аммо ижодкорнинг ана шу ҳаракати унга 50 минг рубль (828 доллар)гача бўлган жарима жазосига сабаб бўлиши мумкин.

Хабарда қайд этилишича, маъмурий жавобгарлик иши бўйича суд мажлиси жорий йилнинг 6 сентябрь куни, Москва шаҳридаги Твер туман судида бўлиб ўтиши белгиланган.

Маълумот ўрнида, Кристина Асмус 1988 йилнинг 14 апрель куни Москва вилоятида туғилган. 2008 йилда Михаил Шепкин номидаги театр мактабига ўқишга кирган, ижодий фаолиятини 2010 йилда комедия жанридаги “Интерни” сериалидан бошлаган. 2012 йилдан эътиборан “Москва драматик  театри” актрисаси. У 2013 йилда шоумен Гарик Харламовга турмушга чиққан ва 2013 йилда қизи Анастасияни дунёга келтирган. Асмус бугунги кунга қадар ўзини театр, кино актрисалиги, моделлик ва дубляж соҳаларида синаб кўрган

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 914
Рейтинг: 2.9
t
×