Россияга жавобан НАТО Европада қуролланишни кучайтирмоқда
Олам
−
24 Январь 2022
8213НАТО ҳарбий альянси Шарқий Европада ўз салоҳиятини янада кучайтирмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 январь куни альянс расмий вакиллари хабар берган.
Маълум қилинишича, Россия чегарасига яқин ҳудудларда ҳарбий кема, қирувчи самолёт ва артиллериялар сони кўпайтирилади.
Бундан бироз аввал, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг минтақадаги вазият кескинлашиши ортидан ўз иттифоқчилари, ҳусусан, Шарқий Европада хавфсизликни таъминлаш борасида альянс барча зарурий чораларни қўллаши ҳақида баёнот берган эди.
Ғарб ҳарбий иттифоқининг бундай кескин чоралар кўллашига Россия вазият кескинлашаётгани ҳақидаги баёнотлар билан чиқиб, ўзининг Украина билан чегарадош ҳудудига 100 минлаб қўшин тўплагани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Украинани шимолий, шарқий ва жанубий чегараларини ҳарбий қурол-яроқ ва аскарлар билан қуршаб олган Россия Киевни қўллаб-қувватлаётган Ғарбни ваҳимага берилиш ва нотўғри баёнотлар тарқатишда айбламоқда. Кремлга кўра, Россия Украинага ҳужум қилишни режалаштирмаган ва чегарада тўпланган қўшинлар билан боғлиқ ҳолатни ҳарбий машғулотлар ўтказиш дея атаган.
“Биз урушга нисбатан аниқ ҳаракатлар сифатида, Шимолий Атлантика альянсининг Шарқий Европа томон силжиб, у ерда қурол-яроқни кўпайтираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг ўзи минтақадаги вазият жиддийлигидан далолат бермоқда. Буларнинг барчаси биз, Россия, ташлаётган қадамлар эмас балки АҚШ ва НАТО қўллаётган ҳаракатлар ҳамда тарқатаётган ахборотлари оқибатида содир бўлмоқда”, дея билдирган НАТОнинг қарорига изоҳ берган Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песков.
У яна Ғарбни “истерика”га берилиш ва “ёлғон маълумотларни тарқатиш”да айблаган.
Россия Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик шартномасига биноан Ғарбдан Россия тинчлигини таъминлаш учун Шарқий Европадаги қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймасликни сўраган. Кремль ҳозирда Вашингтондан хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифига ёзма жавобни шу ҳафта ичида қабул қилиб олиши кутилмоқда.
АҚШ Россиянинг барча талабларини “амалга ошмас” дея атаган ва уларнинг ўрнига Москвага Европа минтақасида ҳар иккала томонга тегишли бўлган қўшин ва қурол-яроқ сонини камайтириш таклифини берган.
Украинанинг тарафини олиб Россияга қарши бирлашган Ғарб ва АҚШ уруш бошланган тақдирда Москвани мисли кўрилмаган санкциялар билан “сийлаши” ҳақида қайта-қайта огоҳлантириб келмоқда.
Ҳатто, ўтган ҳафта АҚШ ва Форс кўрфазидаги нефть ва табиий газга бой Қатар ўртасида Россиядан газ импорти тўхтаган тақдирда, Европани газ билан таъминлаш борасида музокаралар ҳам ўтказилди. Ушбу масала бўйича жорий ойнинг оҳирида АҚШ Президенти Жозеф Байден ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ал-Соний ўртасида учрашув бўлиб ўтиши ҳам белгиланган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси