Россияга қарши санкциялар зарари ўзбек сўмига юкланяптими? Марказий банк изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги тижорат банкларида рубль биржада белгиланган нархлар бўйича эмас, махсус коридор доирасида айирбошланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолат Россияга қарши жорий қилинган санкциялар юкини ўзбек сўмига юклаш учун қилинаётгани ҳақида фирклар билдирилди.

Ўзбекистон Марказий банки ҳолатга муносабат билдириб, бу Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун қилинганини таъкидлади.

“Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган пайтда Россиядаги фуқароларимизнинг ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларга олиб келмоқда”, дейилади регулятор хабарида.

Қайд этилишича, юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан:

•    барча тижорат банкларига Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш;

•    банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берилган.

“Бу Россия Федерациясидаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини Россия рублида юбориш ва республика ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради.

Марказий банк мавжуд вазиятни доимий кузатиб бормоқда ва зарур ҳолларда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриб боради”, дейилади муносабатда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров тижорат банклари айирбошлаш шохобчалари рубль сотиб олиши ва сотиши шарт этиб белгилангани ҳақида ёзганди.

“Рубль сотиб олиш ва сотиш курслари шартли маъмурий коридор доирасида амалга оширилади.

Кросс-курс бўйича белгиланаётган рубль курси бозор реаллигини белгиламаслиги ва рубль юзасидан риск ҳаддан юқорилиги инобатга олинган ҳолда кенгайтирилган коридорга рухсат этилиши борасида маълумот берилмаган”, деган Бакиров.

Иқтисодчига кўра, агар рубль олиш ва сотиш бўйича торайтирилган маъмурий коридор, масалан +/-1 фоиз қўлланиладиган бўлса, Ўзбекистонга вагонларда рубль киради ва Ўзбекистондан вагонлаб доллар чиқиб кетади.

“Ҳеч ким рубль олиш ва сотишга қаршимас, лекин бу мажбурият ҳам  бўлмаслиги керак. Мазкур жараён очиқ бозор қоидалари, рублнинг конвертацияси кундан кунга чекланаёгани ва унинг устига ағанаган тоғдек рискларни инобатга олган ҳолда юз бериши лозим”, дейди у.

Бакировнинг таъкидлашича, маъмурий коридор доирасида (Рубль сотиб олиш курси 97 сўм, сотиш 102 сўм) Россиядан рубль келтириб уни сўмга айлантириб, кейин доллар сотиб олинса, 1 доллар 112,78 рублга тушади.

“Солиштириш учун, Москва айирбошлаш шохобчаларида 1 доллар 130-160 рублдан сотилмоқда.

Маъмурий йўл билан Москва биржасида шаклланаётган курс умуман бозорни белгиламайди. Россияликларнинг жамғарган рублларини Ўзбекистонга келтириб долларга айлантириб олишлари учун барча шароитлар яратилиш бошланди”, деган иқтисодчи.

У рубль айирбошлашдаги барча жараёнларни бозорнинг ўзига қўйиб бериш кераклигини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг “Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк кассаларига АҚШ доллари, инглиз фунт стерлинги, Евро, швейцария франки, япон иенаси ҳамда тижорат банкларининг ихтиёрига кўра бошқа чет эл валюталари қабул қилиниши мумкин;

Ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операциялари чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосда шаклланадиган валюта курси бўйича амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк

Баҳолаганлар

483

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг