Россияга қарши санкциялар узоқ йиллар давом этади – Медведев

Олам 7889
image

Россияга қарши жорий этилган санкциялар жуда узоқ вақт, ўнлаб йиллар давомида амал қилади. Бу ҳатто Украинадаги махсус операция билан ҳам боғлиқ эмас. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди.

“Сиз ва мен яхши биламизки, жорий қилинган санкциялар жуда узоқ вақт давомида амал қилади. Ва бунинг ҳатто махсус ҳарбий операцияга [Россиянинг Украинадаги] ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу аввал ҳам, жумладан, совет даврида ҳам бўлган. Яъни, бу ўн йилликлардир. Шунинг учун биз фақат ўз имкониятларимизга таянишимиз лозим”, дея таъкидлади у.

Медведевнинг сўзларига кўра, санкциялар туфайли илмий марказларни жиҳозлаш учун хориждан ускуналар сотиб олиш имконияти йўқ. 

“Худди шу сабабга кўра, хорижий питомниклардан кўплаб турдаги лаборатория ҳайвонлари мавжуд эмас. Мамлакатимизда ўз виварийларимиз (экспериментал ҳайвонларни кўпайтириш учун хоналар – таҳр.) ҳам етарли эмас”, дейди у.

Шунингдек, у клиникадан олдинги тадқиқотлар тизимини такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Чунки бу дори воситаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишнинг энг муҳим босқичларидан бири.

“Бундай синовлар одамларда синовдан ўтказилишидан олдин уларнинг тўлиқ хавфсизлиги ва самарадорлигини кафолатлаши керак. Аммо бошқа томондан, биз тадқиқотнинг клиникагача бўлган босқичини имкон қадар тезроқ қилишдан манфаатдормиз”, дейди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Унинг қайд этишича, Россия Федерациясида “бу соҳада кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда: клиникадан олдинги тадқиқотлар давомида энг хавфли патогенлар билан ишлай оладиган ташкилотлар ва сертификатланган лабораториялар етарли эмас”.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 301
Рейтинг: 3
t
×