Россиядан яна 1 000 га яқин ўзбекистонлик қайтариляпти
Жамият
−
11 Август 2020
7298Россиянинг Ростов вилоятидан 918 нафар Ўзбекистон фуқароси поездда олиб келиняпти. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни амалга оширилмоқда. Навбатдаги йўловчи поезди юртдошларимизни Россиянинг Ростов вилоятидан олиб келмоқда”, дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 10 август маҳаллий вақт билан соат 13:20 да 918 нафар ўзбекистонлик билан поезд “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнади.
Йўл давомида йўловчи поезди фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди. Ушбу рейсда олиб келинган йўловчилар Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта охирида Самара ва Оренбург областларидан 1840 нафар ўзбекистонлик иккита поезд орқали ватанга қайтарилган эди.
LiveБарчаси