Россиядаги ЙТҲда жабрланган ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
Жамият
−
07 Ноябрь 2019
2276Россиянинг Краснодар ўлкасида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, Ўзбекистонга қайта олмай қолган фуқаро Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги берган маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган 5 нафар фуқаро ЙТҲга учраган. Натижада уларнинг 2 нафари ҳалок бўлган, 3 нафари эса Темрюк шифохонасига етказилган. Берилган маълумотларга кўра, мазкур фуқароларнинг 2 нафари бироз аҳволи яхшилангач, Ўзбекистонга қайтиб келишган.
Бироқ 1985 йил Наманганда туғилган Равшан Тўхтаматов жуда жиддий жароҳат олган бўлиб, унда суяк синишлари, ички аъзоларининг лат ейиши, миясида жиддий жароҳат ҳамда гемотома борлиги аниқланган. “Ётоқ” беморини самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси биргаликда Ўзбекистон фуқароси Равшан Тўхтаматовни жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтарди.
Беморнинг турмуш ўртоғи Эъзоза Маматовага кўра, Равшан Тўхтаматовга у Ўзбекистонга етиб келгунгача бўлган муддатда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги ёрдам кўрсатган, вазиятни назоратга олган.
Маълумотларга кўра, беморнинг Ўзбекистонга қайтарилишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан, истисно тарзида, Равшан Тўхтаматовга “ётоқ” жой ҳамда унинг ҳамроҳлари учун жами 9 та ўрин ташкилот ҳисобидан ажратиб берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назорат қилувчи ҳамда парвоз пайти унга ҳамроҳлик қилуви махсус шифокорни сафарбар этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги беморни махсус замбилда Тошкент аэропортидан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига етказган.
Ҳамроҳ шифокорнинг сўзларига кўра, бемор парвоз маҳали ўзини яхши ҳис қилган. Қон босимида ўзгаришлар кузатилмаган. Беморнинг турмуш ўртоғи барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь