Россиядаги йирик фаст-фуд тармоғи Назарбоевнинг қариндошига ўтиши мумкин
Олам
−
20 Май 2022
5857McDonald's’нинг Россиядаги бизнеси энг йирик маҳаллий франшизалардан бирига ўтиши мумкин. Бу ҳақда “The Bell” нашрига учта манба маълум қилган.
Манбаларнинг иккитаси Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қариндоши Қайрат Боранбаевнинг "СПП" компанияси, учинчи манба нефтчи Александр Говорнинг "ГиД" компаниясини потенциал харидор сифатида кўрсатмоқда, деб ёзган нашр.
Қайрат Боранбаевнинг “Минтақавий овқатланиш тармоғи” McDonald's’нинг Свердловск, Оренбург, Челябинск, Курган, Тюмен ва Киров вилоятларидаги тармоқларини бошқаради. Шунингдек, Боранбаев Қозоғистон ва Беларусдаги McDonald's франшизасига ҳам эга, дея ёзмоқда газета.
“The Bell”нинг ёзишича, келишув 19 май куниёқ эълон қилиниши мумкин. Ундан кейин тармоқ янги бренд номи остида ишлашда давом этиши кутилмоқда.
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоеванинг собиқ қудаси Қайрат Боранбаев “Forbes” талқинига кўра Қозоғистондаги энг нуфузли бешта тадбиркордан бири ҳисобланади. “Алекс-Сарягаш” минерал сувларини қадоқлаш компанияси, “Алмали” активларни бошқариш компанияси” МЧЖ, “Қозоғистон нефть-кимё компанияси “Chemical” МЧЖ, “КазТурбоРемонт” холдинг компанияси” МЧЖ каби қатор компанияларга эгалик қилади.
Қозоғистонда Боранбаев “квазидавлат секторидаги йирик ўғирлик”да гумон қилинмоқда. Ўтган ҳафта пойтахт тергов суди Боранбаевни ҳибсда сақлаш муддатини бир ойга узайтирганди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси