Россиядаги воқеалар фонида Telegram фаолиятида узилишлар кузатиляпти
Технология
−
24 Июнь 2023
6663Қайд этилишича, Европадаги фойдаланувчилар мессенжернинг беқарор ишлаётганидан, жумладан, баъзи вақтларда медиа файлларини юклаб бўлмаётгани ҳамда овозли хабар юборишда қийинчиликлар кузатилаётганидан шикоят қилмоқда. Узилишлар харитасидан кўриш мумкинки, муаммолар асосан Европанинг айрим давлатлари, Украина, Россиянинг Европа билан чегарадош нуқталарида кузатилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда, жумладан, Тошкентда ҳам мессенжер ишлашида қийинчиликлар юзага келяпти. Медиа файлларни юклаш ва ҳатто баъзан оддий матнли хабар юбориш ҳам қийин бўлиб қолмоқда.
Тармоқдаги носозликка “Вагнер” билан боғлиқ воқеалар ортидан серверларга юкламанинг ҳаддан зиёд ортиб кетгани сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Кеча, 23 июнь куни Россия давлат оммавий ахборот воситалари ва Telegram каналларига Евгений Пригожиннинг баёнотларини ёритиш тақиқланган эди. Бугун, 24 июнь куни эса “Вконтакте” тармоғидан унинг овозли хабарлари ўчирилди, йўллар четидаги “Вагнер”га қўшилишга тарғиб қилувчи баннерлар демонтаж қилинди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 июнь куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини унинг компанияси позицияларига зарба беришда айблаб, 25 минг киши бу билан шуғулланмоқчи эканини айтганди. Бугун, 24 июнь куни эса “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди.
LiveБарчаси