Россиядаги сувтекин “иномарка”лар рейтингига ўзбек автомобиллари ҳам киритилди

Олам 58819
image
-

Россиялик мутахассислар мамлакат автомобиль бозоридаги энг арзон хорижий машиналар рейтингини тузди. Ушбу рейтингдан француз, корейс ва ўзбек автомобиллари жой олди.

Франциянинг Renault Logan ва Renault Sandero автомобиллари рейтингда 1 ва 2-ўринни эгаллаган. Қайд этилишича, 102 от кучига эга 1,6 литр сиғимли двигатель, 4 босқичли автомат коробкага эга Renault Logan машинаси россияликларга кўпи билан 926 минг рублга, кондиционер, AUX, USB, Bluetooth каби технологияларни қўлловчи аудиотизимга ҳамда айрим афзалликларга эга Renault Sandero эса 955 минг рублга тушади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар Россия бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Бу сафар ҳам Nexia (818 минг 900 -904 минг 900 рубль) ва Cobalt (829 900 - 955 900 рубль) машиналари Россиядаги энг арзон “иномарка”лар рейтингидан жой олди. 

Хусусан, Nexia Россия бозорида аллақачон танилган. Илгари у Ravon R3 номи билан Россияда сотувга чиққан. Автомобиль 1,5 литр сиғимли двигатели 105 от кучига эга, 5 босқичли механик ёки 6 диапазонли автомат коробка ўрнатилган.

Cobalt ҳам Россия бозорида мутлақо янги модел эмас. Автоҳаваскорлар Cobalt ҳақида яхши фикрда. Техник жиҳатдан машина анчайин ишончли ва чидамли. 1,5 литр сиғимли, 4 цилиндрли мотори 106 от кучига эга. Комплектациясига қараб, 5 босқичли механик ёки 6 босқичли автомат коробка билан чиқарилади.

Жанубий Кореянинг Hyundai Solaris автомобили ҳам Россиянинг энг арзон “иномарка”лари рейтингидан жой олди. У 5-ўринни эгаллаб, рейтингни ёпиб берди. Гарчи охирги йилларда машина дизайн жиҳатидан катта ўзгаришларга учраган бўлса-да, техник жиҳатдан олдинги талқинларидан фарқ қилмайди.

Ушбу седан Каппа туркумига кирувчи 1,4 литр сиғимли, 100 от кучига эга ҳамда Гамма туркумидаги 1,6 литрли, 123 от кучига эга двигателлар билан таъминланган. Буларда ҳам механик ва автомат коробкалар бор. Энг арзон варианти — Active, энг қиммати — Elegance. Россияликлар ушбу машинани 890 минг рублдан 1 млн 186 минг рублгача харид қилиши мумкин.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2403
Рейтинг: 3
t
×