Россиядаги конда портлаш бўлди
Олам
−
23 Апрель 2022
7129Россиянинг Оренбург вилоятидаги Гайский кон-қайта ишлаш заводида 1,2 км чуқурликда портловчи модданинг портлаши содир бўлди. Оқибатда дастлабки маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Гайский кон-қайта ишлаш комбинатидаги ҳодиса факти бўйича дастлабки маълумотларга кўра, бугун, 23 апрель куни тахминан соат 08:50 да, тоғ-кон қазиш ва портлатиш чоғида 1,2 км чуқурликда портловчи модданинг фавқулодда портлаши содир бўлган. 88 ишчи эвакуация қилинди. Уч киши ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.
Фавқулодда хизматлар берган маълумотга кўра, кондаги портлаш жойини тарк этган ишчиларнинг ҳеч бири тиббий ёрдамга муҳтож эмас.
“Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш тоғ-кон ва портлатиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларининг бузилиши сабаб юз берган бўлиши мумкин”, деган манба.
Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар жасади 1205 м чуқурликда аниқланган. Ҳозирда воқеа жойида қутқарувчилар ишлаётгани айтилмоқда.