Россияда йўловчи автобуси портлаб кетди (видео)

Олам 8284
image

Кеча, 12 август куни Россиянинг Воронеж шаҳрида йўловчи автобуси портлаб кетди. Оқибатида камида 15 киши жароҳатланиб, бир аёл реанимация бўлимида вафот этди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, ичида 35 киши бўлган автобус бекатда турган вақтида портлаган. 

“Aвтобус бекатда турганди. Энди йўлга чиқмоқчи эдим — гумбур-гумбур, ойналар, тутун, нима бўлганига тушунмай қолдим”, дейди автобус ҳайдовчиси Aлексей Олейников.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлашга дастлаб газ ускунасининг носозлигини сабаб қилиб келтирди, аммо кейинроқ автобус дизелда юриши маълум бўлди. Таъкидланишича, автобус кўпи билан бир ой аввал техник кўрикдан ўтган.

Воронеж вилояти губернатори Aлександр Гусев Воронеждаги барча автопаркларни текширишни буюрди. 

“Эртадан Воронежнинг барча охирги бекатларида йўловчи транспортини текшириш бошланади. Ҳайдовчилар йўловчиларни ҳар қандай ёт нарсаларга эътибор қаратиш ҳақида хабардор қилади. Барча автобазаларда транспорт воситалари пухталик билан кўрикдан ўтказилади”, дейди Гусев.

Тергов қўмитаси йўловчи ташиш бўйича талабга жавоб бермайдиган хизмат кўрсатилгани юзасидан жиноят иши қўзғатди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 302
Рейтинг: 3
t
×