Россияда яна бир уруш тарғиботчисига суиқасд қилинди
Олам
−
07 Май 2023
15486Кеча, 6 май куни таниқли рус ёзувчиси Захар Прилепин автомобилида содир бўлган портлаш оқибатида яраланди. Унинг ҳайдовчиси эса ҳалок бўлди. Бу ҳужумда Россия Украина ва Ғарбни айблади.
Давлат Тергов қўмитаси ёзувчининг Audi Q7 русумли автомашинаси Москвадан 400 км шарқда жойлашган Нижний Новгород вилоятидаги қишлоқда портлатилганини ва буни террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаётганини маълум қилган. Дастлабки ахборотга кўра, автомобиль тагига портловчи мослама ўрнатилган. Ҳодиса вақтида Прилепин автомобилнинг орқа ўриндиғида бўлган. Портлашдан сўнг Прилепин касалхонага ётқизилган.
Қўмита ўрмон ёнидаги йўлда ағдарилиб ётган оқ автомобиль акс этган фотосуратни эълон қилган. Суратда машина ёнидаги чуқур кратер ва металл парчалари сочилиб ётганини кўриш мумкин.
Ички ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, гумонланувчи қўлга олинган. Маҳаллий нашрлар хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб, Москва вилоятида бомба йиғилгани тахмин қилинган квартира топилганини хабар берган.
Маълумот учун, Прилепин Россиянинг Украинадаги урушини ёқлаб, у ерда ҳарбий жангларда қатнашгани билан мақтаниб келган. У Россия Украинага бостириб кирганидан бери бомба нишонига олинган учинчи таниқли уруш тарафдори бўлди. Дастлаб журналист Даря Дугина, яқинда эса уруш блогери Владлен Татарский шу каби ҳужумда ҳалок бўлганди. Россия бу ҳаракатларда Украинани айблаган, Киев эса бунга алоқадорлигини рад этган.
LiveБарчаси