Россияда ўрмон ёнғинлари: одамлар тутун ичида қолмоқда (видео)

Олам 3009
image

Жорий йилнинг 6 июнидан 21 июлигача бўлган вақт мобайнида Россия таркибидаги Ёқутистон автоном Республикасининг 129 нафар фуқароси ўрмонларда содир бўлаётган ёнғинларнинг зарарли тутуни сабабли соғлиги ёмонлашганидан азият чекиб, мамлакатнинг даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилган. Ушбу фуқароларнинг 15 нафарини болалар ташкил этади. Бу ҳақда ТACC хабар берди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг минтақа бўйича Бош бошқармаси маълумотларига кўра, ўрмон ёнғинлари сабабли 107 та аҳоли пункти ва Якутск шаҳри тутун зонасида қолган. Энг кўп мурожаатчилар Якутск шаҳрида қайд этилган. 4 киши Томпонский, Нюрбинский, Намский ва Хангаласский туманларидаги шифохоналарга ётқизилган.

Ҳозирга қадар мамлакатда 208 та ўрмон ёнғинлари қайд этилган бўлиб, учта минтақада сунъий ёмғир ёғган. Бугунга қадар 56,2 минг гектардаги 27 та ёнғин ўчирилган ва оловга қарши курашга 2,1 мингдан ортиқ одам ҳамда 290 та техника жалб этилган. Шунингдек, Ёқутистонда азот диоксидининг концентрацияси 6,5 баробарга ошгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, Якутск шаҳри мамлакатнинг энг хавфли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 1 июлдан бошлаб аҳолининг ўрмонларга бориши қатъиян тақиқланган. Шаҳарнинг ёнғин билан қопланган майдони 1,5 миллион гектардан ортиқ бўлиб, фаол ёниш майдони 2,2 минг гектарни ташкил қилмоқда. 

Маълумот ўрнида Ёқутистон автоном Республикасининг 8 туманида ўрмон ёнғинлар қарийб 1,5 миллион гектар майдонни йўқ қилган. Минтақадаги ўрмон ёнғинлари тутуни Сахалин ва Магаданга ҳам етиб келган.

Эслатиб ўтамиз, AҚШнинг Калифорния штатида узоқ давом этган иссиқлик тўлқинлари ва ҳалигача давом этаётган қурғоқчилик фонида кенг миқёсли ўрмон ёнғинлари бошланган. Aмерика Миллий боғида жойлашган ўлим водийсидаги ҳарорат 54 даражага етган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
t
×