Россияда сўнгги 7 ой ичида рекорд миқдорда “давлатга хиёнат” иши очилди
Олам
−
08 Август 2023
2752Бу йил Россияда “давлатга хиёнат” бўйича жиноий ишлар ўтган 20 йилга нисбатан кўпроқ қўзғатилди. Бу ҳақда сўнгги етти ойдаги статистик маълумотларини ўрганиб чиқиб, “Холод” нашри хабар берди.
Айтилишича, жорий йилнинг дастлабки етти ойида Россияда камида 82 та “давлатга хиёнат” иши қўзғатилган. Бундай ҳолатларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин, Федерал хавфсизлик хизмати уларнинг барчаси ҳақида жамоатчиликка маълумот бермайди.
Маълумотларга кўра, 1997 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда Россияда 101 та давлатга хиёнат бўйича ҳукм чиқарилган. Бу ўша пайтда йилига ўртача бешта иш қўзғатилганини англатади. Аввалги рекорд эса 2022 йилда ўрнатилган бўлиб, ўшанда 20 та давлатга хиёнат иши қўзғатилган.
Адвокат Евгений Смирновнинг айтишича, 2023 йил охирига келиб, бундай ҳолатлар сони 250 га етиши мумкин. Бу рекорд кўрсаткич Сталин қатағонларидан кейинги Совет давридагидан ҳам юқори саналади.
ФХХ маълумотларига кўра, кўпинча фуқаролар Россия билан муносабатлари бузилган давлатлар манфаатига "жосуслик қилган". 1990-2010 йилларда Грузия "жосуслик" ишлари бўйича "чемпион" бўлган бўлса, ҳозир 59 та жиноий иш билан Украина бу борада етакчилик қилмоқда.
“Илгари 90 фоиз Москвада, қолган 10 фоиз ишлар Краснодар, Санкт-Петербург ва баъзан Хабаровскда кузатилган. Кенг кўламли босқиндан сўнг, бошқа ҳудудларда ҳам хиёнат ва жосуслик ҳолатлари кўпроқ пайдо бўла бошлади”, дейди адвокат Евгений Смирнов.
LiveБарчаси