Россияда патентнинг амал қилиш муддати 3 йилга узайтирилиши мумкин
Олам
−
15 Март 2023
7072Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакат Президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссари Борис Титовнинг мигрантлар учун меҳнат патентининг амал қилиш муддатини уч йилгача ошириш таклифига рози бўлди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги миграция назорати доирасида барча зарур талабларга риоя қилган ҳолда патент бериш муддатини 10 кундан 5 кунгача қисқартиришга, шу билан бирга унинг амал қилиш муддатини оширишга тайёр.
Маълум қилинишича, аввалроқ Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссар Борис Титов ҳукуматга чет эл фуқаролари учун меҳнат патентининг амал қилиш муддатини 12 ойдан 36 ойгача узайтириш бўйича таклиф юборган.
“Патент олиш учун аризани кўриб чиқишга қонунда белгиланган муддат 10 кундан ошмаслигига қарамай, уни олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғиш ва қайта ишлаш 20 кунгача вақтни олади. Оқибатда хорижлик ишчилар ҳар йили бир ой давомида иқтисодий айланмадан чиқиб кетади, тадбиркорлар бундан зарар кўради, бюджетга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи кам тушади. Патентнинг уч йилга узайтирилиши ишчи кучи танқислиги шароитида бунчалик кўп вақтни беҳуда сарфламаслик имконини беради”, дейди Титов.
Бундан ташқари, комиссар 3 йилдан 5 йилгача муддатга Россияга кириши тақиқланган хорижлик ишчиларни реабилитация қилиш механизмини ҳам жорий этишни таклиф қилган.
Мамлакат Федерал хавфсизлик хизмати ва Молия вазирлиги Титовнинг таклифларига эътироз билдирмаган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ва Ўзбекистон муайян Россия компаниялари учун меҳнат ресурсларини марказлашган ҳолда жалб қилиш ва ҳамкор давлатлар ҳудудида ҳужжатларнинг аксариятини расмийлаштириш тартибларини такомиллаштириш бўйича имтиёзларга ҳам рози эканини билдирган.
Ҳозирча Меҳнат вазирлиги ушбу таклифга рози бўлмаган.
LiveБарчаси