Россияда мигрантларга босим камайиши мумкин
Олам
−
15 Январь 2020
5098Россияда муҳожирларни ишга олувчи компанияларин режали текшириш бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда НСН хабар берди.
Россия Федерацияси ҳукумати давлат Думасига юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларни миграция соҳасидаги режали текширувдан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритмоқчи.
Тегишли қонун лойиҳаси Давлат думасига 2020 йил кузида тақдим этилиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг фикрича, бу чора мамлакат иқтисодий ўсишига ёрдам беради ва “тартибга солувчи гильотина” параметрларига мос келади, яъни, тадбиркорлар устидан назоратни камайтиради.
Бутунроссия кичик ва ўрта тадбиркорлар жамоат ташкилоти “Россия таянчлари” раҳбари Александр Калининнинг фикрича, кейинги ўн йил ичида меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони пасайиши мумкин, мамлакат эса ҳозирнинг ўзида ишчиларга муҳтож. “Табиийки, бизнес бу жойларни муҳожирлар ҳисобига тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бугун уларнинг Россия Федерациясида ишлаши учун жиддий қийинчиликлар мавжуд”, деб тушунтирди Калинин.
РФдаги ҳукмрон партия “Ягона Россия” фракцияси раисининг биринчи ўринбосари Андрей Исаев ҳам бу фикрни ёқлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ташаббусни баҳолашдан олдин, қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилган матни билан танишиш керак. Исаевнинг фикрича, текширишларни қисқартириш мумкин, аммо ноқонуний муҳожирлар меҳнатига тўсқинлик қиладиган механизмлар ташкил қилиниши керак.
Россия Федерацияси Коммунистик партияси фракцияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Николай Коломейцев мигрантлар устидаги текширувнинг камайтирилиши жиноятчиликнинг ортиши ва мамлакатнинг туб аҳолиси иш ўринларидан ажралишига олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтди.
LiveБарчаси