Россияда бортида 170 киши бўлган самолёт фавқулодда қўндирилди
Олам
−
12 Сентябрь 2023
3577Россиядаги ички рейслар орқали Сочидан Омскга учаётган самолёт Новосибирск вилоятининг Убинский туманидаги далага фавқулодда қўндирилди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Сочи–Омск йўналишида учган “Ural Airlines” авиакомпаниясининг Airbus-А320 лайнери белгиланган аэропортга қўна олмаган ва йўналишини ўзгартириб, огоҳлантириш сигналини жўнатган ва кейин ҳаракатни Новосибирск томонга йўналтирган.
Омск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Виталий Хоценкога кўра, фавқулодда қўнишга дастлабки сабаб гидравлика тизимидаги носозлик бўлган. У ўз Telegram-каналида ёзишича, учоқ ҳар қандай вазиятда бўлмасин, муваффақиятли қўндирилган ва ҳозирда қутқарувчилар воқеа жойида иш олиб бормоқда.
Убинский тумани раҳбари Олег Конюк агентликка самолётнинг фюзеляжи бузилмагани, барча йўловчилар эвакуация қилинганини маълум қилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг минтақавий бош бошқармаси вазиятга ойдинлик киритиб, фавқулодда қўниш жойида ҳеч қандай бино ва вайроналар йўқлигини таъкидлаган. Ҳозирда Ғарбий Сибирь транспорт прокуратураси ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда Asiana Airlines авиакомпанияси самолётининг эшиги парвоз вақтида очилиб кетган эди. Фавқулодда вазият вақтида бортда 194 киши бўлган. Самолёт эшиги очиқ ҳолда муваффақиятли қўнган. Ҳодиса вақтида ҳеч ким жабрланмаган, бироқ ҳаво етишмаслиги ташхиси билан 9 киши шифохонага ётқизилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь