Россияда 150 нафар украиналик асир қатл этилгани айтилмоқда

Олам

image

Россия асирлигида 150 дан ортиқ украиналик аскар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бугун, 24 май куни баёнот берди.

Бошқарма жанг майдонида қатл этилганлар сони ортиб бораётганини таъкидлади: кўп ҳолларда маҳбусларни ўлдириш бўйича тўғридан тўғри буйруқлар қайд этилган. Баёнотга кўра, бу жиноятлар камдан-кам ҳолатлар эмас, балки Россия раҳбарияти олиб бораётган мақсадли сиёсатнинг бир қисмидир.

Разведка хизмати бу тенденцияни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги вазият бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси ҳам тасдиқлаганини таъкидлади. Комиссия 2025 йил 19 мартдаги ҳисоботида таслим бўлган ёки таслим бўлишга уринган украиналик жангчиларни рус қўшинлари атайлаб ўлдириш ёки майиб қилиш ҳолатлари кўпайганини қайд этганди.

“Бир нечта россиялик дезертирлар асирларни олиш эмас, балки уларни ўлдириш ҳақида буйруқ олганини тасдиқлади. Улардан бири бригада командири ўринбосарининг сўзларини келтирди: Маҳбуслар керак эмас – уларни жойида отиб ташланг”, дейилади Бош разведка бошқармаси иқтибос келтирган ҳужжатда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг суддан ташқари қатллар бўйича махсус маърузачиси доктор Моррис Тидбалл-Бинз CNN телеканалида қатллар олий ҳарбий қўмондонликнинг буйруғи ёки рухсатисиз тез-тез содир бўлмаслигини тасдиқлаган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери ва 2025 йил 23 май ҳолатига кўра, Украина Бош прокуратураси берган маълумотларга қараганда Россия ҳарбий хизматчилари томонидан 268 украиналик ҳарбий асирнинг ўлдирилиши фактлари бўйича 75 та жиноий иш рўйхатга олинган ва тергов қилинмоқда.

Хусусан, 2025 йил бошидан буён 51 нафар украиналик ҳарбий асирнинг ўлдирилиши бўйича 20 та жиноий иш қўзғатилган. Ҳарбий асирларни қасддан ўлдириш Женева конвенцияларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва оғир халқаро жиноят сифатида таснифланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси Украинадаги урушда Россия ҳарбийлари томонидан асирга олинган украиналик аскарларга қарши репрессиялар сони кескин ошганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия украиналик аскар Моррис Тидбалл-Бинз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг