Россия жосусликда гумон қилинган британиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди

Олам

image

Россия ҳукумати жосусликда гумон қилинган Буюк Британия дипломатини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Лондон буни жавобсиз қолдирмаслигини билдирди. Бу ҳақда “CNN” нашри хабар берди.

Келтирилишича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) британиялик дипломатни Британия разведка идоралари билан яширин ҳамкорлик қилиб келганликда айбламоқда. Мазкур баёнотдан сўнг, Россия давлат оммавий ахборот воситаларида дипломатнинг фотосуратларини эълон қилинди.

Россия томони британиялик дипломатга мамлакатни тарк этиш учун икки ҳафта муддат берди. Шу сабабли, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британиянинг Москвадаги муваққат ишлар вакили Данаэ Дҳолакияни норозилик билдириш учун чақирди.

"Москва Россиядаги Британия разведка хизмати ходимларининг эълон қилинмаган фаолиятига тоқат қилмаслиги яна бир бор таъкидланди. Шунингдек, агар Лондон вазиятни янада кескинлаштирса, Россия томони қатъий “кўзгу” шаклида жавоб қайтаради", дейилади ТИВ баёнотида.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни “асоссиз” деб атади.  Британия дипломатларга қарши бундай айбловлар биринчи марта кузатилмаётганини айтди.

“Уларнинг Британия дипломатларига қарши ҳужумлари умидсизликдан келиб чиқмоқда ва бу каби ҳаракатлар дипломатик ваколатхоналарнинг ишлаши учун зарур бўлган асосий шартларни бузади. Биз бунга жавобан ўз имкониятларимизни диққат билан кўриб чиқмоқдамиз.”, дейди Буюк Британия  Ташқи ишлар вазирлиги. 

Россия Марказий разведка бошқармаси, Буюк Британиянинг “MI6” номи билан танилган Махфий разведка хизмати ва Франциянинг “DGSE” ташкилотлари Россия ичида махфий маълумотларни ўғирлаш, русларни ёллаш ва низо чиқаришга уринишларни кучайтирганини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ совет разведкаси фойдасига жосуслик қилган машҳур агент 84 ёшида АҚШ қамоқхонасида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг