Россия ва Украина яна аскарлар жасадини алмашди
Олам
−
18 Апрель
3225Бугун, 18 апрель куни Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашди. Бу ҳақда Украинанинг асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби хабар берди.
Маълум қилинишича, Украина 909 жасадни қайтариб олган. Ҳалок бўлган аскарлар Курахов, Покров, Бахмут, Угледар, Луганск, Харьков, Запорожье ва Суми йўналишларида жанг қилган. Баъзи жасадлар эса Россия ўликхоналаридан қайтарилган.
“Қурбонларнинг шахси ҳуқуқ-тартибот идоралари терговчилари томонидан Ички ишлар вазирлигининг эксперт муассасалари билан биргаликда қисқа вақт ичида аниқланади”, дейилади Украина томони баёнотида.
Ўз навбатида, Россияга 41 жасад топширилган. Аскарларнинг айнан қайси ҳудудда жанг олиб боргани очиқланмаган.
Қўшимча қилинишича, навбатдаги алмашинув Халқаро Қизил Хоч қўмитаси воситачилигида амалга оширилган. Киев томони ушбу ёрдами учун қўмитага ўз миннатдорлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинги сафар Украина ҳукумати Россия томонига 43 аскарнинг жасадини топширганди. Бунга жавобан эса россияликлар Украинага 909 жасадни қайтариб берган.
LiveБарчаси