Россия ва Туркия Украина портларидан дон олиб чиқиш ишини деярли пишитди

Олам

image

Россия ва Туркия Мудофаа вазирлиги делегациялари Москвада музокаралар ўтказди. Томонлар турк савдо кемаларининг Украина портларидан хавфсиз чиқиши ва донни хавфсиз экспорт қилиш сценарийларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, музокараларда томонлар Қора денгизда хавфсиз навигацияни таъминлашга қаратилган ёндашувларни муҳокама қилган. Делегациялар Туркиянинг “Азов Конкорд” юк кемасининг Мариуполь портидан хавфсиз чиқиб кетиши масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг хабар беришича, тез орада Россия ва Туркия мудофаа вазирликлари орқали Украинада қолиб кетаётган донни олиб чиқиш учун дон йўлаги яратиш бўйича музокаралар олиб боради.

Шунингдек, 27 июндан 3 июлгача Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида музокаралар ўтказилиши, унда ғалла масаласи муҳокама қилиниши билдирилган.

Маълумот ўрнида, Украинада давом этаётган уруш туфайли Россия украин портларини тўсиб қўйган, натижада у ердан ғаллани дунё бозорига олиб чиқиш имконсиз бўлиб қолган. Ғарб етакчиларининг фикрича, бу ҳолат келажакда Африка, Лотин Америкаси ҳамда Кариб ҳавзасидаги қашшоқ мамлакатларда озиқ-овқат танқислиги ва очарчиликка олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

287

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг