Россия ва Тожикистон ўртасида ўзига хос ҳарбий ҳимоя тизими яратилмоқда 

Олам 8212
image
-

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Тожикистон билан Ҳаво ҳужумидан қўшма мудофаа тизими яратилаётганини айтди. Бу ҳақда РФ вазири бугун, 27 апрель куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари билан йиғилишда маълум қилган. 

“Ҳаво кенглигида чегараларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини ошириш учун томонлар Россия Федерацияси ва Тожикистоннинг Қўшма минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш тўғрисида келишув лойиҳасини тайёрлади. Мен ушбу шартномани учрашув якунида имзолашни таклиф қиламан”, дейди РФ Мудофаа вазири.

“Интерфакс” хабарига кўра, Шойгу шахсан Тожикистон Мудофаа вазирлиги вакилларини Халқаро хавфсизлик бўйича тўққизинчи Москва конференцияси, Халқаро ҳарбий-техник форум ва Халқаро армия ўйинларига таклиф қилган.

Шойгу Россия тожикистонликлар учун мамлакат ҳарбий университетларида квоталар сонини кўпайтиришга тайёрлигини айтди.

“КХШТ доирасида бир қатор машғулотлар режалаштирилган ва сентябрь ойида биз Ғарбий-2021 қўшма стратегик машғулотида Тожикистон ҳарбий контингентини кутмоқдамиз”, дейди Россия Мудофаа вазири.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини кучайтириш мақсадида Россия республикани қурол-аслаҳа ва техника билан таъминлашдан ташқари мамлакат ҳарбий университетларида Тожикистон армияси учун малакали кадрларни бепул тайёрламоқда.

“Ҳозир бизда сизнинг беш юздан ортиқ ҳарбий хизматчингиз таълим олмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили 201-рус ҳарбий базаси маблағлари ҳисобидан мингга яқин кичик мутахассислар тайёрланмоқда. Биз бу рақамларни оширишга тайёрмиз”, дейди у.

Тожикистон Президенти Матбуот хизматига кўра, Имомали Раҳмон билан учрашувда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Мудофаа вазирлари, КХШТ Бош котиби ва Арманистоннинг КХШТдаги мухтор вакили иштирок этган.

Маълум қилинишича, томонлар КХШТ мамлакатлари ўртасида сиёсат, мудофаа, ҳарбий-техник йўналишда ҳамкорлик, замонавий хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда кураш, ташкилотнинг жанубий чегараларини ҳимоя қилиш соҳаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

“COVID-19 пандемияси каби янги таҳдидлар юзага келишига қаратилган қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 206
Рейтинг: 3
t
×