Россия ва Хитой Ғарбнинг “ўйинлари”ни яхши билади – Лавров
Олам
−
18 Январь 2023
9665Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 18 январь куни Америка Қўшма Штатлари бошқа давлатлар ёрдамида Россия ва Хитойни ҳам “назорат қилиш”га уринаётганини, бироқ унинг “ўйинлари”дан иккала давлат ҳам хабардор эканини айтди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Лавров Россия дипломатиясининг 2022 йилдаги фаолияти якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказган ва унда Ғарб ҳозирда иккала давлатни – Россия ва Хитойни таҳдид сифатида кўришини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон иккала давлатни бир вақтнинг ўзида назорат қилиш учун етарли даражада қудратли эмас, шунинг учун Европа, Япония ва бошқаларни шу мақсад йўлида сафарбар қилмоқда. Шунингдек, Ғарб Россия ва Хитой ўртасида ихтилоф чиқаришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Бироқ Россия ҳам, Хитой ҳам бу ўйинларни кўриб турибди.
Такидлаш жоизки, Россия Украинада уруш олиб бораётган ва Ғарб билан иқтисодий алоқалари кетма-кет санкциялар тўлқинлари фонида барбод бўлган бир пайтда, Москва учун Хитой билан муносабатларининг стратегик аҳамияти жуда муҳим.
“Пекин билан алоқалар ҳеч қачон бунчалик мустаҳкам бўлмаган. Икки давлат Ғарбга қарамлик ва санкцияларга дучор бўлишни камайтириш мақсадида ўзаро савдони ўз миллий валюталарига ўтказмоқда”, дейди Лавров.
Маълумот учун, ўтган йилнинг февралида Россия ва Хитой “чекловсиз ҳамкорлик” шартномасини имзолаган эди. Россиянинг Ғарб билан алоқалари ёмонлашгани ортидан ҳам уларнинг иқтисодий алоқалари янада жадаллашганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси