Россия ва Қозоғистонда дунёдаги энг қиммат дорини қабул қилган болалар вафот этди

Олам

image

Россия ва Қозоғистонда икки нафар бола дунёдаги энг қиммат дори — “Золгенсма”ни қабул қилиб вафот этди. Бу ҳақда “Медуза” ушбу дорини ишлаб чиқарувчи Швейцариянинг “Novartis” фармацевтика компанияси Матбуот хизмати баёнотига таяниб, хабар берди.

“Россия ва Қозоғистонда умуртқа мушак атрофияси касаллигига чалинган икки нафар бола “Золгенсма” препарати билан даволанаётганида вафот этган”, дейилади хабарда.

“Novartis” маълумотларига кўра, болалар ўлимига ўткир жигар етишмовчилиги сабаб бўлган. Ўлим ҳолатлари “Золгенсма” қўлланганидан кейин 5-6 ҳафта ўтгач ва кортикостероидлар (яллиғланишни камайтириш учун бериладиган гормонлар - таҳр.) дозаси аста-секин камайтирилгандан 1-10 кун ўтиб, қайд этилган.

Фармацевтика компанияси баёнотида марҳумларнинг исмлари, ёши ва бошқа шахсий маълумотлари келтирилмаган. Бироқ ТАСС нашрининг Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мустақил болалар неврологига таяниб, хабар беришича, қозоғистонлик бола 2021 йилда туғилган қизча бўлган.

Препарат қизга жорий йилнинг март ойида дозалаш режими ва вазнига мос равишда берилган.

Маълумот учун, “Золгенсма” дорисининг бир дозаси 2 миллион доллардан ошади. Мазкур препарат дунёдаги энг қиммат дори сифатида “Гиннес рекордлар” китобига киритилган. 

У умуртқа мушак атрофияси билан оғриган болаларни даволашда ишлатиладиган учта доридан бири бўлиб, улар “Меҳрибонлик доираси” жамғармаси томонидан беморлар учун сотиб олинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг