Россия ва Қозоғистон биргаликда ҳарбий машғулот ўтказади – Путин

Олам 4560
image
-

Россия ва Қозоғистон ўртасида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) доирасидаги ҳарбий машғулотларга тайёргарлик кўриляпти. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 19 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.

Шунингдек, Россия давлати раҳбари жорий йилнинг октябрь ойида икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланишини ва бу санада турли тадбирлар режалаштирилганини эслатиб ўтган.

“Вазирлик ва идораларимиз, ҳукуматлараро комиссия фаол ишламоқда. Икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари, Мудофаа вазирликлари биргаликда турли тадбирларни, жумладан, КХШТ доирасидаги қўшма машғулотларни тайёрламоқда”, дейди Путин.

Шу билан бирга, ушбу учрашувда қўшма машғулотлар режалари кўриб чиқилиб, келишиб олинган. КХШТга аъзо давлатларнинг миллий контингентлари таркиби ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари белгилаб олинган. 

КХШТ қўшинларининг таркибий қисмларини тайёрлаш машғулотлари Қозоғистон ҳудудидаги “Матибулоқ” полигонида тезкор шароитда ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сочи шаҳрида учрашди. Ушбу учрашувда Қозоғистон жорий йилда раислик қилаётган МДҲ доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
t
×