Россия ва Белорусь Паралимпия ўйинларида иштирок эта олмайди

Спорт

image

Россия ва Белорусь спортчилари 2026 йилги Милано–Кортина қишки Паралимпия ўйинларида қатнаша олмайди. Бу ҳақда Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) матбуот хизмати хабар берди.


2025 йил сентябрь ойида IPC Бош ассамблеяси Беларусь ва Россия Миллий Паралимпия қўмиталари фаолиятини тўхтатиб қўймасликка овоз бериб, уларнинг аъзолик ҳуқуқларини тиклаган эди. Бу қарор спортчиларга халқаро федерациялар қоидаларига мувофиқ мусобақаларда қатнашиш имконини берарди. Бироқ, ўйинлар дастуридаги ҳар бир спорт тури бўйича масъул федерациялар алоҳида қарор қабул қилди. Оқибатда иккала давлат вакиллари саралаш босқичида қатнашиш имконидан маҳрум бўлди.

Халқаро чанғи ва сноуборд федерацияси (FIS), Халқаро биатлон иттифоқи (IBU), Жаҳон кёрлинг федерацияси ҳамда Жаҳон пара-хоккей ташкилоти Россия ва Беларусь спортчиларини ўз мусобақаларидан четлаштириш қарорини кучда қолдирди.

Паратоғ чанғиси, пара-чанғи ва пара-сноуборд: FIS кенгаши жорий йилнинг 21 октябрь куни Россия ва Беларусь спортчиларининг саралаш мусобақаларида иштирок этишига қарши овоз берди.

Парабиатлон: IBU 2022 йилда қабул қилинган қарорга биноан ҳар икки давлат биатлон федерацияларини мусобақалардан четлатганини тасдиқлади.
Ногиронлар аравачасида кёрлинг: World Curling ташкилоти Беларусь ва Россияни 2024–2025 йилги мавсум охиригача мусобақалардан четлатиш муддатини узайтирди. Шу сабабдан, ҳар икки давлат жамоалари Милано Кортина 2026 қишки Паралимпия ўйинларига йўлланма ололмайди.
Пара-хоккей: Россия назарий жиҳатдан қатнашиши мумкин бўлса-да, саралаш турнири учун олтита жамоа аллақачон аниқланган. Беларусда эса халқаро даражадаги пара-хоккей жамоаси йўқ.

IPC президенти Эндрю Парсонс бу қарорларни изоҳлаб, ҳар бир халқаро федерациянинг мустақил позициясини ҳурмат қилинишини таъкидлади:

“FIS, IBU ва World Curling'нинг қарорлари Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мусобақаларида қатнашишини истисно қилади. Бу уларнинг Милано–Кортина 2026 Паралимпия ўйинларига йўлланма олишини амалда имконсиз қилади”, дейди Парсонс.

Маълумот учун, Милано–Кортина қишки Паралимпия ўйинлари 2026 йилнинг  6–15 март кунлари ўтказилади. Унда олтита спорт тури бўйича 79 та медаль жамланмаси учун баҳс олиб борилади. Шу билан бирга, мусобақада 1976 йилда Швециянинг Эрншёльдсвик шаҳрида ўтказилган илк Қишки Паралимпия ўйинларининг 50 йиллигини нишонланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Халқаро Паралимпия қўмитаси Халқаро чанғи ва сноуборд федерацияси Халқаро биатлон иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар