Россия ва Беларусь Лукашенкога қарши суиқасднинг олдини олди. Президент АҚШни айбламоқда

Олам 7064
image

Шу ҳафта Беларусь ва Россияда ҳибсга олинган сиёсатшунос Александр Федута, мухолифатдаги Беларусь Халқ фронти партиясининг раҳбари Григорий Костусев ва АҚШда яшовчи Беларусь адвокати Юрий Зенкович Александр Лукашенко ва унинг оиласига суиқасд тайёрлаётгани аниқланган. Бу ҳақда Президент Александр Лукашенконинг ўзи маълум қилди.

Александр Лукашенко

Унинг сўзларига кўра, суиқасдни тайёрлаш ортида АҚШ разведка хизматлари турган: 

“Кейин биз аниқ хорижий разведка хизматларининг ишини фош этдик – эҳтимол Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, америкаликларнинг қайси бир ташкилоти у ерда ишлаганини билмайман. Биз уларнинг Минскга келиб, мен ва фарзандларимга суиқасд уюштиришни бошлаш истаги билан юрганини аниқладик. Аммо мен яна бир нарсадан ҳайронман – нега америкаликлар ўзини шундай тутади? Ахир Президентни йўқ қилиш вазифасини, эсда тутингки, юқори сиёсий раҳбариятдан бошқа ҳеч ким беролмайди”, дейди Лукашенко Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода.

Беларусь махсус хизматлари раҳбари Иван Тертель мамлакатнинг ОНТ телеканали эфирида Федута, Зенкович ва Костусевлар жиноий гуруҳ таркибида бўлганини, уларнинг аъзолари “Республика Президентини жисмонан йўқ қилиш” режасини ишлаб чиққани ва амалга оширишни бошлаб, ҳокимиятни зўрлик билан қўлга киритиш мақсадида қуролли исён уюштиришмоқчи бўлганини айтди. КГБ маълумотларига кўра, давлат тўнтариши 2021 йилнинг ёзига мўлжалланган эди.

Россия Федерацияси ФСБ Беларусь КГБ маълумотларини тасдиқлади ҳамда Федута ва Зенковични Москвада ҳибсга олиш операциясида қатнашганини билдирди. ФСБ маълумотларига кўра, улар АҚШ ва Полшадаги маслаҳатлашувлардан сўнг шаҳарга “Беларусь Қуролли кучларининг оппозицион қарашдаги генераллари” билан учрашиш учун келган. ФСБ маълумотларига кўра, Беларусдаги давлат тўнтариши ёзда эмас, балки 9 майда режалаштирилган эди.

Маълумот учун, Александр Федута 1990 йилларда Александр Лукашенконинг матбуот котиби бўлган ва 2005 йилда у ўзининг биринчи сиёсий биографияси муаллифига айланган. Кейинчалик Федута мухолифат позициясига ўтди.

2000 йилларнинг бошларида Зенкович мухолифат партияси БПФ (Белорусия Халқ фронти) аъзоси эди. У кейинсалик АҚШга жўнаб кетди ва юридик карьера қуришни бошлади. Беларусдан ташқари, у Америка фуқаролигига ҳам эга.

Жорий йилнинг март ойида Зенкович ижтимоий тармоқларда беларусликларни Александр Лукашенко режимига қарши курашиш учун “халқ ўзини ўзи ҳимоя қилиш” отрядларига қўшилишга чақирди. Шунингдек, у Светлана Тихановскаяни ҳокимият билан музокара ўтказишга тайёргарлиги учун танқид қилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 267
Рейтинг: 2.9
t
×