Россия ва Беларусь қўшма жанговар тайёргарликларни оширмоқчи

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 19 декабрь куни беларуслик мавқедоши Александр Лукашенко билан музокаралар якунлари бўйича Москва ва Минск қўшма машғулотлар ва бошқа тезкор ва жанговар тайёргарлик тадбирларини ўтказиш амалиётини давом эттиришини маълум қилди.  

“Биз мамлакатларимиз хавфсизлигини ишончли таъминлаш, қўшинларни тайёрлашга устувор аҳамият бериш, уларнинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини ошириш, мунтазам қўшма машғулотларини ўтказиш амалиётини давом эттириш бўйича барча зарур чораларни биргаликда кўришни давом эттиришга келишиб олдик”, дейди Россия раҳбари. 

Шунингдек, у умумий ҳарбий доктринани изчил амалга ошириш доирасида қўшма ҳарбий режалаштириш амалга оширилаётганини, Россия-Беларусь минтақавий қўшинлар гуруҳи фаолият кўрсатаётганини, икки давлатнинг жанговар тузилмалари ва ҳарбий қисмларини мувофиқлаштириш чоралари кўрилаётганини урғулади. 

Шунингдек, Путинга кўра, Россия Беларусь Ҳарбий-ҳаво кучларининг ядровий каллакли авиация ўқ-дориларини ташишга айлантирилган самолётлари учун экипажларни тайёрлашни давом эттиради.

“Беларусь Президентининг Беларусь армиясининг жанговар самолётлари экипажларини ўқитиш бўйича таклифларини амалга оширишни давом эттириш мумкин деб ҳисоблайман, улар аллақачон ҳаводан учириладиган ўқ-дориларни махсус жанговар каллак билан ишлатиш учун қайта жиҳозланган”, дейди Россия раҳбари. 

Путин ҳамкорликнинг бу шакли бизнинг ихтиромиз эмас, деб таъкидлади.  

“Масалан, Қўшма Штатлар НАТО блокидаги иттифоқчилари билан ўнлаб йиллар давомида шундай тадбирларни ўтказиб келади”, дейди Россия Президенти. 

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, бундай мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар Иттифоқ давлатининг ташқи чегараларидаги кескин вазият муносабати билан ниҳоятда муҳим. 

Жорий йилнинг июнь ойида Лукашенко Путинга Ғарб ҳаракатларини акс эттириш учун ҳарбий чоралар кўришни таклиф қилиб, Беларусь жанговар самолётларини ядро каллакларини олиб юриши учун модернизация қилишга ёрдам беришни сўради. Август ойида Беларусь резиденти журналистларга “ҳамма нарса тайёр”, деган эди.

Беларусь резиденти Александр Лукашенко Россиянинг С-400 ва “Искандар” ракета комплекслари республикада жанговар навбатчиликка ўтганини маълум қилди. 

“Бугун биз сиз Беларусга топширган С-400 тизимларини, энг муҳими, олти ой олдин ваъда қилган “Искандар” комплексларини жанговар навбатга қўйдик”, дейди Лукашенко Путинга.

У Путинга барча мавзулар бўйича ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлагани ҳамда керакли қарорларни қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди. 

Лукашенко, шунингдек, Беларусь Россия кўмагида махсус ўқ-дориларни ташишга қодир самолётларни бошқариш учун экипажлар тайёрлаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кеча, 19 декабрь куни Минскка борди. Бу Путиннинг 2019 йилдан буён Беларусга илк ташрифи. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг