Россия Ўзбекистонда йирик электр тармоғи қурувчисининг давлат улушини қўлга киритди
Жамият
−
16 Март 2023
8648Россиянинг “Урал энергетика қурилиш компанияси” (УЭҚК) Ўзбекистоннинг электр тармоқлари қурилиши билан шуғулланувчи “Электрқишлоққурилиш” корхонасининг 58,41 фоиз давлат улушини сотиб олди. Битим 93,2 миллиард сўмни (8 миллион доллардан ортиқ) ташкил этди. Бу ҳақада Давлат активлари агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компанияси маълум қилди.
Қайд этилишича, “Электрқишлоққурилиш” акциядорлик жамиятининг назорат пакети 2021 йил ноябрь ойида сотувга қўйилган. Мутахассислар томонидан маъмурий, арбитраж ёки бошқа суд жараёнлари йўқлиги, шунингдек, тендер иштирокчилари Европа Иттифоқи, АҚШ ва йирик халқаро молия институтларининг санкция рўйхатига киритилмагани учун инвесторлардан еттита ариза келиб тушган.
Манбага кўра, Grant Tompson халқаро консалтинг компанияси ва Dentons юридик фирмаси конкурс танловига маслаҳатчи сифатида жалб қилинган. УЭҚК нарх параметрлари мустақил баҳолаш натижаларидан юқори бўлган энг яхши таклиф билан чиққан.
Маълумот учун, “Электрқишлоққурилиш” 1936 йилда қишлоқ хўжалигини электрлаштириш трести сифатида ташкил этилган. 1998 йилда компания акциядорлик жамиятига айлантирилган. Бугунги кунда акциядорлик жамияти таркибига Наманган металл конструкциялари заводи, Қувасой темир-бетон буюмлари заводи, Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш ва технологик асбоб-ускуналар бошқармаси ва бошқа активлар киради. Компания Марказий Осиёда кучланиши 500 кВгача бўлган электр тармоқлари объектларини қуриш бўйича бош пудратчи ҳисобланади. Унинг портфелида “Лукойл”, Hyundai Engineering, Hengyuan Group Co. компаниялари лойиҳалари мавжуд.
УЭҚК эса Екатеринбургда жойлашган компания бўлиб, у ўтган асрнинг 40-йилларида пайдо бўлган. Компания Россияда ҳам, чет элда ҳам электр таъминоти объектларини лойиҳалаш ва қуриш билан шуғулланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь