Россия ўтган йили 700 минг болани Украинадан олиб чиқиб кетган

Олам

image

2022 йилда Россия Украинадан 700 мингдан ортиқ болани олиб кетгани айтилди. Бу ҳақда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Белованинг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботида маълум қилинди. 

Унинг сўзларига кўра, босқин бошланганидан бери Россия Федерацияси Украинанинг 4,8 миллион аҳолисини, жумладан, 700 мингдан ортиқ болаларини “қабул қилган”. Вояга етмаганларнинг аксарияти Россияга ота-онаси ёки яқинлари билан келгани айтилади. Шунингдек, 1,5 мингга яқин етим ёки ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳам Россияга жўнатилган. 

Ўтган йил давомида (тан олинмаган) "ДХР" ва "ЛХР" дан 760 нафар бола Россияда ҳомийлик остидаги оилаларга жойлаштирилган. Бундан ташқари, Россия ҳукумати Херсон вилоятидаги “Алёшка” болалар уйининг 52 нафар боласини аннексия қилинган Қримга депортация қилган.

Украина бир неча бор Россияни украиналик болаларни ўғирлаш ва ноқонуний депортация қилишда айблаган. “Уруш болалари” лойиҳасига кўра, Украинада вояга етмаганларни мажбуран депортация қилиш бўйича 19,5 минг ҳолат қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг