Россия-Украина уруши фонида Ўзбекистонда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда

Бизнес 7640
image

Жорий йилнинг февраль ойидан буён Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг Россияга қўллаган санкциялари, бунинг оқибатида халқаро бозорларда юзага келган вазият ва иқтисодий инқирозлар фонида Ўзбекистонда йиллик 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтаётган II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида айтилган. 

“Ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда юзага келган таҳликали вазият шароитида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда инфляция суръатларини жиловлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада, жорий йилда мамлакатимизда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилмоқда”, дейди Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, дунёда давом этаётган мураккаб пандемия ва глобал иқтисодий инқироз оқибатлари, турли нотинчликлар ва зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари инсон тақдири ҳақида жиддий бош қотиришни кун тартибига долзарб масала қилиб қўймоқда.

Президент бугунги форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.

Шунингдек, давлат раҳбари, мамлакатда 2022-2026 йилларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни камида 2 баробарга қисқартиришни мақсад қилганини алоҳида урғулади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 129
Рейтинг: 3
t
×