Россия Украина билан урушга бюджетнинг чорак қисмини сарфлади – “Forbes”

Олам 5158
image

Украинага қарши урушнинг тўққиз ойида Россия харажатлари қарийб 82 миллиард долларни ташкил этди, бу Россия йиллик бюджетининг чорак қисмини ташкил этади. Бу ҳақда “Forbes” журналининг Украинадаги нашри хабар берди.

Қайд этилишича, бу миқдор бевосита Украинага қарши ҳарбий тажовузни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган харажатларни ўз ичига олади. Барқарор мудофаа харажатлари ва санкциялар натижасида иқтисодиётдаги йўқотишларни ҳисобга олинмаган.

Россия Федерациясининг 2021 йилги бюджет даромадлари 340 миллиард долларни ташкил этганлиги сабабли, “уруш учун чек”нинг жорий миқдори ушбу мамлакат йиллик бюджетининг чорак қисмига тенг, деб таъкидлайди “Forbes”. Нашрга кўра, “уруш нархи” келгуси йил Кремль учун жуда юқори бўлиши мумкин, чунки Россиянинг ҳарбий эҳтиёжларини қондириш учун ресурслари тугайди.

Нашрнинг тушунтиришича, нефть ва газ экспортидан тушумлар камайиши, “Шимолий оқим” орқали етказиб бериш тўхтатилганидан кейин Европа Иттифоқи газ бозорининг катта қисми қўлдан чиқиши ва Россия нефтига қарши санкциялар фонида урушни давом эттириш учун Кремлга кўпроқ пул керак бўлади.

Россия ҳар бир аскарига кунига ўртача 200 доллар сарфлайди. Ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ҳарбийларнинг иш ҳақининг умумий қиймати сафарбарликдан кейин ойига тахминан 2,7 миллиард долларни ташкил қилади. Агар ёзда ҳалок бўлганлар ва ярадорларга тўланадиган товон миқдори ойига 1 миллиард долларга яқин бўлса, урушнинг сўнгги ойида у 3,5 миллиард доллардан ошди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россия Украинага қарши урушда кунига 10 000 дан 50 000 гача снарядлар сарфлаган, бунинг умумий харажати 5,5 миллиард доллардан ошади. Россия қўшинлари Украина ҳудудига 4000 дан ортиқ ракета отган. Уларнинг ҳар бирининг нархи ўртача 3 миллион долларни ташкил қилади.

Шунингдек, Россия Украинада ўртача 18 миллион долларлик 278 та жанговар самолётни ва ўртача 10,4 миллион долларлик 261 вертолётни йўқотди. Россия ҳарбий авиациясининг умумий йўқотишлари пул кўринишида 8 миллиард долларни ташкил қилади.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага бостириб киргунча қанча танки бўлган бўлса, шунча йўқотди (24 февраль ҳолатига кўра, тахминан 3300 та танкдан 2897 таси). Ҳозирда Кремль ўнлаб йиллар давомида омборларда сақланган ва сезиларли модернизация ва молиявий харажатларни талаб қиладиган ускуналарни тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Умуман олганда, Украинага қарши тўққиз ойлик урушда йўқотилган барча техникалар Россияга 20,8 миллиард долларга тушди, деб таъкидлайди “Forbes” журнали.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 159
Рейтинг: 2.9
t
×