Россия “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқармоқчи
Олам
−
02 Апрель
5914Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар билан биргаликда “Толибон”дан террорчи ташкилот мақомини олиб ташлаш масаласи устида ишламоқда. Бу ҳақда кеча, 1 апрель куни ТИВ баёнотига таяниб, ТАСС хабар берди.
“Якуний қарорни мамлакат олий сиёсий раҳбарияти қабул қилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов ТАСС агентлиги билан суҳбатда “Толибон” ҳаракати делегацияси 14-19 май кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган “Россия – Ислом олами: KazanForum” форумига таклиф этилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати билан “мунтазам равишда” аксилтеррорчилик ҳаракатлари мавзусида ҳамкорлик қилади.
“Толибон” ҳаракати Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва унинг фаолияти 2003 йилда – БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тегишли рўйхатга киритилганидан кейин Россия Федерациясида тақиқланган. Шу билан бирга, Москва узоқ йиллар давомида “Толибон” билан алоқаларни давом эттириб келади. 2022 йил март ойида Россия ҳокимият “Толибон” назоратига ўтганидан кейин Афғонистон ҳукуматининг биринчи дипломатини аккредитация қилди.
Президентнинг махсус вакили Кабулов “Толибон”ни Россияда террорчилар рўйхатидан чиқариш БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида амалга оширилгандан кейингина мумкин бўлишини таъкидлаган.
“Ва бунинг учун “Толибон” ўзини "маданиятли" тутаётганини кўрсатиши керак”, деган Кабулов.
LiveБарчаси