Россия ТИВ Украинада тинчликка эришиш шартини эълон қилди
Олам
−
27 Май 2023
28196Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Украинада тинчликка эришиш шартини айтди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Унинг таъкидлашича, агар Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишдан бош тортса ва блоксиз мақомга қайтса, мамлакатда тинчликка эришиш мумкин.
“Умумжаҳон, адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун Украина 1990 йилда ўз давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияда қайд этилган нейтрал қўшилмаслик мақомига қайтиши, НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлишдан бош тортиши керак”, деган россиялик мулозим.
Галузиннинг қўшимча қилишича, Россия Украина кучлари томонидан ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан ва Ғарб қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатгандан кейингина келишувга эришиш мумкин, деб ҳисоблайди.
“Украина халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириш натижасида юзага келган янги ҳудудий воқеликларни тан олиши керак”, дейди вазир ўринбосари.
Айтиш жоизки, Россия 2014 йилда Қримни, 2022 йил кузида Херсон ва Запорожье вилоятлари, шунингдек, (тан олинмаган) Донецк ва Луганск халқ республикаларини ўз таркибига қўшиб олган. Киев бу ҳудудларни босиб олинган деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Галузин можарони ҳал қилиш учун Донбасс аҳолисини “ҳимоя қилиш”ни таъминлаш, Украинани демилитаризация ва денасификация қилишга эришиш ва Россия хавфсизлигига ушбу мамлакат ҳудудидан келаётган “таҳдид”ларни бартараф этиш зарур эканини даъво қилган.
“Келишувнинг яна бир муҳим элементи – русийзабон фуқаролар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Мамлакатда тинчликка эришиш учун рус тилининг давлат мақомини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш зарур. Шунингдек, Украинада инсоннинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқига риоя этилишига эришиш керак”, дея хулоса қилган Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Эътиборли жиҳат шундаки, Россия даъво қилаётган халқаро ҳуқуқ нафақат халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашини, балки мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашни ҳам талаб қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь