Россия ТИВ Ғарбни Москва билан ўйнашмаслик ҳақида огоҳлантирди

Олам 13456
image

Москва Ғарб давлатларини Россия билан фаразий можаро мавзусидаги хавфли риторик ўйинлардан огоҳлантиришига қарамай, Ғарбдаги нуфузли кучлар Россия Федерацияси билан муносабатлардаги кескинликни янада кучайтириш учун ҳамма нарсани қилмоқда ва бу ташвишли ҳолат. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков шундай фикр билдирди.

“Ғарбда, афсуски, нуфузли ва ҳокимият дастагида турган кучлар бор, улар Россия билан муносабатлардаги кескинликни янада кучайтириш учун том маънода ҳамма нарса қилмоқда. Бу хавотирли факт. Таассурот шундан иборатки, баъзи арбоблар биз билан қуролли тўқнашув муқаррар бўлган сценарийларни ўйлаб топишда чекловга эга эмас”, деган Рябков.

Унинг қўшимча қилишича, Россия “ҳар қандай шароитда ўта масъулиятли ва ҳозирда Европа Иттифоқи ҳамда Литванинг Калининград вилоятига транзитни чеклаш бўйича қилаётган ишлари Европа архитектурасининг узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган пойдеворига янги оғир зарба бўлади”.

“Бу ҳолатда бизнинг манфаатларимиз кафолатланади. Жавоб чоралари кўрилади, улар ҳозир ишлаб чиқилмоқда. Лекин мен НАТО аъзолари ва Европа Иттифоқидаги етакчиларни можаро мавзусидаги бу хавфли риторик ўйинлардан огоҳлантирмоқчиман”, дея хулоса қилган вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Литва Европа Иттифоқи санкцияларига киритилган маҳсулотларни ўз ҳудуди орқали Россиянинг Калининград вилоятига транзит қилишни чеклаб қўйди. Бунга Россия ТИВ таҳдиднамо муносабат билдирганди.

Шундан сўнг, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Вашингтон “Литвага таҳдидларни” жиддий қабул қилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар “НАТО бўйича иттифоқдошлари, хусусан, Литва ҳимояси учун тайёр, Вашингтоннинг НАТОга олдидаги мажбурияти ва 5-модда, яъни “бирига ҳужум ҳаммага ҳужум демак” тамойили, темирдек мустаҳкам ва бу риторик кўрсаткич эмас”.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 539
Рейтинг: 3
t
×