Россия терма жамоасига Осиёдан рақиб топилди
Спорт
−
24 Июнь 2022
8097Россия футбол иттифоқи жорий йилнинг кузида Саудия Арабистонига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Championat” нашри маълум қилди.
Манбага кўра, Россия футбол иттифоқи президенти Александр Дюков жорий йилнинг кузида мамлакат миллий терма жамоасининг ўртоқлик ўйини ўтказиш истаги ҳақида гапирган.
Айни дамда Россия терма жамоаси барча халқаро мусобақалардан четлаштирилган. Бу эса расмий ўйинлар ўтказишга имкон бермайди. Шунинг учун терма жамоа мутасаддилари ўртоқлик ўйини ташкил этиш режаси устида жиддий бош қотирмоқда. Европа қитъаси вакилларининг Россия билан ўйнашга рози бўлишининг эҳтимоли деярли нолга тенгдир. Шу сабабли, Саудия рақиб сифатида танланган.
Маълумот ўрнида, FIFA ва UEFА Россиянинг барча тоифадаги терма жамоалари ва клубларини халқаро мусобақалардан четлаштирган. Ҳозирча, рус футболига нисбатан киритилган санкциялар ечилгани йўқ. Россия футболи раҳбарлари эса UEFА ва FIFА'нинг қарорлари адолатсиз эканлиги тўғрисида тинимсиз равишда бонг урмоқда.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь