Россия ташқи қарзи бўйича дефолтга йўл қўйди – Moody's
Олам
−
28 Июнь 2022
6936Moody's халқаро рейтинг агентлиги кеча, 27 июнь куни Россия ташқи қарзи бўйича дефолтга йўл қўйганини маълум қилди, чунки купон тўловлари бўйича имтиёзли давр тугаган ва Россия суверен қарзи эгалари икки дона евробонд купонлари бўйича 100 миллион долларлик тўловларни олмаган.
Аввалроқ Россия-26 ва Россия-36 давлат облигациялари бўйича муддати ўтган тўловларни тўлаш бўйича 30 кунлик имтиёзли давр тугагани сабабли, Россия 1918 йилдан бери биринчи марта ташқи қарз бўйича дефолтга учраганини ҳам маълум қилинганди.
Қайд этилишича, гап 1998 йилда бўлгани каби банкротлик ҳақида кетмаяпти. Россия ғазнаси тўла, бироқ мамлакатнинг Украинага қарши бошлаган уруши муносабати билан Ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли Кремль хориждаги қарзларини тўлашда муаммоларга дуч келмоқда.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков дефолт ҳақидаги баёнотни "мутлақо ноқонуний" деб атаган, чунки Россия май ойида тўловни амалга оширган.
"Ва (клиринг маркази – таҳр.) Euroclear бу пулни ушлаб қолгани, уни олувчиларга етказмагани бизнинг муаммоларимиз эмас", дейди Песков.
Маълум қилинишича, расмий равишда дефолт эълон қилинмайди, чунки бу одатда халқаро рейтинг агентликлари томонидан амалга оширилади, бироқ уларнинг барчаси Россиядаги фаолиятини тўхтатиб қўйган.
LiveБарчаси