Россия СССРнинг кирдикорларини фош қилган ташкилотнинг “жанозасини ўқиди”

Олам

image

Бугун, 28 декабрь куни Россия Олий суди мамлакатдаги энг таниқли инсон ҳуқуқлари ташкилоти “Memorial”ни ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Россия тарихидаги илк инсон ҳуқуқлари ташкилоти бўлган “Memorial” Совет иттифоқи даврида қатл этилган, қамоққа ташланган ёки таъқибга учраган миллионлаб бегуноҳ инсонлар хотирасини тиклаш учун ташкил этилган.

Ўтган ой мамлакат прокуратураси Москвада жойлашган “Memorial” инсон ҳуқуқлари маркази ва унинг бош тузилмаси “Memorial International”ни Россиянинг “хорижий ташкилотлар” тўғрисидаги қонунини бузганликда айблаб, судга уларнинг фаолиятини тўхтатишини сўраб мурожаат қилган.

Гап шундаки, 1989 йил СССР парчаланмасдан ташкил этилган ташкилот, 2015 йилдан бери хорижий маблағлар ҳисобига молиялаштирилади. Шундан сўнг, хорижий ташкилот мақомини олган “Memorial International” 2016 йилда унинг бош тузилмаси сифатида рўйхатдан ўтган. Хорижий ташкилот мақомини олиши ортидан унга нисбатан хорижий агент сифатида қарай бошланган ва турли хил тақиқлар жорий қилинган. 

Ташкилот мамлакатнинг Совет иттифоқи давридаги энг қоронғу ва ҳеч ким тилга олмаган тарихи ҳамда поймол қилинган инсон ҳуқуқлари ҳақида бутун дунёга рўй-рост маълум қилиш рамзига айланиб улгурган эди. 

Мамлакат прокуратурасининг “Memorial”ни СССР обрўсига путур етказиш, Совет даврида эришилган ғалабалар ўрнига йўл қўйилган камчиликларни тарқатишда айблаган. Бундан ташқари, ташкилотга “хорижий” мақоми остида бўла туриб мамлакат ички ишларига аралашиш, терроризм ва экстремизм билан шуғулланиш айблари ҳам қўйилган. 

“Memorial” Россиянинг замонавий тарихида ҳам йўл қўйилаётган инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни ёритиб бориш ва уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш билан шуғулланади. Хусусан, у мамлакат Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Александр Навальнийнинг қамоққа олинишини ҳам қоралаб чиққан.
 
Ташкилот маълумотларига кўра, 2015 йил 46 нафарни ташкил қилган мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар сони жорий йилнинг октябрига келиб 420 кишига етган. 

Бундан ташқари, Россиядаги яна бир замонавий сиёсий репрессиялар ва ҳуқуқлар бузилишини ҳужжатлаштириш билан шуғулланувчи “Memorial Human Rights Centre” ташкилоти ҳам хорижий ташкилотлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб, унинг ҳам тез орада ёпилиши кутилмоқда. 

“Memorial” суд чиқарган қарор устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига эътироз билдириши ҳақида маълум қилмоқда.

“Владимир Путин Совет Иттифоқининг Иккинчи Жаҳон урушида фашистлар устидан қозонган ғалабасига катта эътибор қаратади. Бу, Россия учун ўзининг собиқ супер давлат мақомига интилишининг бир қисми бўлиб, кўплаб руслар устидан ўтказилган махфий судлар, қамоқ лагерлари ва отувга ҳукм қилинганлар тарихини ёритишдан кўра кўпроқ жозибали кўринади”, дейди “Memorial” кенгашнинг аъзоси Олег Орлов суд қарори бўйича BBC'га берган интервьюсида.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

670

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг