Россия савдо марказлари ўзбек тадбиркорларига 50 % чегирма билан дўконларини ижарага бермоқчи
Жамият
−
19 Август 2022
8847Жорий йилнинг март ойида Sravni.ru сайтида Россияни тарк этган дунёнинг 500 га яқин брендлари рўйхати эълон қилинди. “Forbes” нашри эса Россиядан чиқиб кетган йирик халқаро компанияларда 200 мингдан ошиқ ходим ишлашини очиқлади.
Вазиятдан унумли фойдаланиб қолишни истаган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россияда ўз фаолиятини тўхтатган ёки ушбу бозорни бутунлай тарк этган йирик хорижий компанияларнинг Қозоғистонга кўчиб ўтиши мумкинлигини айтиб, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берган эди.
Хўш, Ўзбекистон бу борада қандай ишларни амалга оширяпти?
Савдо-саноат палатаси ўзбекистонлик тадбиркорларни бренд корхоналардан бўшаган савдо дўконларига жалб қилишда Россия савдо марказлари кенгашига кўмаклашмоқчи.
“Катта савдо мажмуаларида жойлар бўшаши натижасида бизга ижара нархини 50% гача чегирма билан беришни таклиф қилишди. Ўзбекистон 2021 йилда 765 млн доллар тайёр кийим-кечак маҳсулотлари экспорт қилган бўлса, шундан 85%и Россиядаги МДҲ давлатлари бозорига тўғри келади. Эндиликда бизнинг миллий ишлаб чиқарувчиларимиз ўзининг маҳсулотини [Россиядаги] расталарга қўйса, бу катта имкониятни яратади”, деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Аммо бунда россияликларнинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Унга кўра, Россия савдо мажмуаларидан ўзбек тадбиркорларига алоҳида раста ажратилганида, у ерда текстил маҳсулотларининг барча тури – ёш болалар кийимидан тортиб катталар либосларигача сотилиши керак.
“Одатда биздаги тадбиркорларнинг бири футболка-майка ишлаб чиқарадиган бўлса, иккинчиси жинси чиқаради. Уларни бирлаштириб Россияга олиб боришни биз ўзимизнинг зиммамизга олганмиз”, дея қўшимча қилди Ваҳобов.
Шунингдек, у мазкур чақирув Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар санкциясига учрашига сабаб бўлмайдими деган саволга "Йўқ", дея жавоб қайтарди.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси