Россия самолётлари 6 ойда ўз ҳудудига 94 та бомбани тушириб юборди

Олам

image

Жорий йил бошидан бери Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ўз ҳудудига жами 94 та авиабомба (87 та оддий ва 7 та ақлли бомба) ҳамда 3 та ракета ташлаб юборган. Бу ҳақда “Astra” хабар берди. 

Қайд этилишича, бундай ҳолатлар Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош ҳудудларида ва Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Украина вилоятларида қайд этилган. Сўнгги ҳодиса жорий йилнинг 21 июнь куни Донецк вилоятининг Кальмиус туманидаги Докучаевск шаҳри яқинида содир бўлган. Бу ҳудуд 2014 йилнинг апрелидан бери ДНР кучлари назорати остида. Россия самолётидан оғирлиги 500 килограмм бўлган ФАБ-500 бомбаси фавқулодда ҳолатда тушиб кетган. Оқибатда Янги Оленовка посёлкасидаги Северная кўчасида жойлашган тўртта хонадоннинг томлари тешилиб, деразалари синиб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Бундан икки ҳафта олдин, 11 июнь куни худди шундай бомба Курск вилоятининг Долгий Колодезь қишлоғида боғ ҳудудига тушган ва катта чуқур ҳосил қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2 июндан 21 июнгача бўлган даврда Россия ҳарбий самолётлари чегарага яқин ҳудудларда камида 10 та бомбани тушириб юборган. Хусусан, икки бомба Дебальцево (Донецк вилояти) яқинига, яна иккитаси Макеевка атрофига, иккитаси Белгород вилоятига ва Луганск вилоятидаги Чернухино посёлкасига, қолганлари эса Волноваха тумани ва Ясиноватая атрофидаги ҳудудларга тушган.

Бундан олдин, жорий йилнинг 17 март куни Россия самолётлари Белогород вилоятига бир кунда тўртта бомба тушириб юборган. Бу бомбалардан бири Широкий ферма хўжалиги яқинида, бири Мошеное қишлоғидан бир ярим километр узоқликда, яна бири Серетино қишлоғи атрофида, яна бири эса Артельное қишлоғидан 800 метр нарида аниқланган.

2024 йил давомида эса Россия ҳудудларига ва Россия томонидан босиб олинган Украина ерларига камида 165 та бомба тушиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли қирувчи самолёт техник носозлик сабабли Ғазо сектори яқинидаги ўз ҳудудига бомба ташлаган эди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Маҳаллий расмийлар бомба деҳқончилик учун фойдаланиладиган ерга тушганини билдирган.  

Шунингдек, олдинроқ ҳам Жанубий Кореянинг Почеон шаҳри яқинидаги ҳарбий машғулотлар пайтида қирувчи самолётлар томонидан ташланган бомбалар тинч аҳоли пунктига тушиб, уйлар ва черковга зарар етказган эди. Геонгги-до Букбу ёнғин хавфсизлиги хизмати баёнотида 15 киши яралангани, улардан икки нафари оғир жароҳатлангани айтилган. Ушбу воқеада KF-16 самолётларидан саккизта 225 килограммли Mk82 бомбаси қўшма жонли ўқ отиш машқлари пайтида ўқ отиш майдончаси ташқарисига тушиб кетган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия авиабомба

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг