Россия Путиннинг кузатувида ядровий кучларини синовдан ўтказди
Олам
−
26 Октябрь 2022
11693Бугун, 26 октябрь куни Россия стратегик ядровий кучлари машғулот ўтказди. Унда Россия душманнинг ядровий зарбасига жавобан катта ядровий зарба беришни машқ қилди.
Машғулотлардан кейин РФ Президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгудан стратегик кучларнинг машқлари ҳақида ҳисобот қабул қилди.
Путин Кремлдан алоқага чиқди. Мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовнинг ҳисоботини видеоалоқа орқали тинглади.
Стратегик тийиб турувчи кучларни тайёрлаш бўйича топшириқлар тўлиқ бажарилди, барча ракеталар ўз нишонларига етди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.
“Стратегик тўхтатувчи кучларни ўқитишда кўзда тутилган вазифалар тўлиқ бажарилди, барча ракеталар белгиланган тавсифларни тасдиқлаган ҳолда нишонга етди”, дейилади Кремль сайтида.
Камчаткадаги Кура полигонида Плесецк давлат синов космодромидан “Ярс” қитъалараро баллистик ракетаси ва Баренц денгизидан “Синева” баллистик ракетаси учирилди. Вазифаларни амалга оширишда ҳаводан учириладиган қанотли ракеталарни ташиш учун узоқ масофага учувчи Ту-95МС самолётлари ҳам жалб этилди.
Аввалроқ Россия стратегик кучлар синовини ўтказиши ҳақида АҚШни огоҳлантиргани хабар қилинганди.
LiveБарчаси