Россия-НАТО ўртасида Швейцария даллоллик қилмоқчи

Олам 5021
image

Швейцария тинчлик йўлида Россия-НАТО музокаралари учун саммитга мезбонликни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар департаменти расмий вакили Валентин Кливаз РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилган. 

"Швейцария мезбон давлат сифатида ёки конференциялар ва учрашувлар ташкил этишга яқиндан ёрдам беришга тайёр", дея билдирган расмий.

Шунингдек, дипломат ҳозирда томонлар билан олиб борилаётган музокаларга тўхталар экан, “махфийлик туфайли Ташқи ишлар департаменти аниқ воқеалар ёки томонларнинг сўровлари бўйича изоҳ бермаслигини” таъкидлаган.

Аввалроқ Шимолий Атлантика альянси (НАТО) бош котиби Йенс Столтенберг Россия-НАТО кенгаши 2022 йил 12 январда чақирилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар келгуси йилнинг январь ойида бўлиб ўтишини маълум қилган.

Декабрь ойи ўрталарида Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан тузиладиган хавфсизлик шартномасининг лойиҳаси ва НАТО билан келишув ҳақида эълон қилган эди. Расмий Москвага кўра, келишув ҳужжатлари аллақачон Вашингтон ва унинг иттифоқчиларига топширилган. Шартнома пунктларининг бирида, НАТО мамлакатларининг Шарқий Европага қараб силжимаслик, хусусан Украина ҳудудига кирмасликни кафолатлаши ҳақида ҳам сўз борган.

Россия Президенти Владимир Путин НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ва Украинада жангавор қуролларини жойлаштириши, Москва учун қизил чизиқдан ўтишни англатиши ҳақида бир неча бор таъкидлаб келмоқда.

Ўз навбатида, Сергей Лавров альянс Киевга қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтираётгани, мамлакатда Ғарб инструкторларининг сони ҳам кўпайганига омма эътиборини қаратмоқда. Унинг фикрича, Ғарбнинг бу ҳаракатлари Украина ҳукуматини “ҳарбий ҳаракатлар”га ундаши мумкин, бу эса Россия хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 2.9
t
×