Россия Мудофаа вазирлигига қарашли қурилиш компанияси раҳбари қўлга олинди
Олам
−
25 Июль
7568Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий қурилиш компаниясининг 46 ёшли бош директори Андрей Белков Москвада қўлга олинди. У давлат мудофаа топшириқларини бажаришда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 285.4-моддаси). Бу ҳақда 24 июль куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, “Коммерсанть” газетаси хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, 2019 йилда ўша пайтда махсус объектлар учун Ҳарбий қурилиш Бош бошқармасини бошқарган Белков Мудофаа вазирлигининг диагностика ва даволаш маркази учун давлат томонидан оширилган нархда (76 миллион рубль ўрнига 121 миллион рублга) томограф сотиб олишни ташкил қилган. У ортиқча пулнинг бир қисмини ўзининг дўсти, “Партнер Плус” МЧЖ асосчиси Елена Ляховичга ўтказди, у билан ускуналар етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.
“Коммерсанть”нинг ёзишича, томографнинг ҳақиқий етказиб берувчиси йирик немис компаниясининг дилери бўлган. Газета унинг номини келтирмади, бироқ бу немис компанияси санкциялар туфайли Россия бозорини тарк этгани ва шартномани ўзи бажара олмаганини таъкидлайди. Дилер ҳам пулнинг бир қисмини олган.
Бу борада жиноий иш 2023 йил июль ойида очилган ва ўша йилнинг октябрь ойида Ляхович ва унинг бош ҳисобчиси Виктор Билко ҳибсга олинган. Белков аввалроқ ушбу иш бўйича гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган эди. Тез орада тергов суддан Белковни ҳибсга олишни сўраши кутилмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Андрей Белковга нисбатан бошқа даъволар ҳам пайдо бўлиши мумкин, чунки унинг ишини собиқ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов бошқарган – у апрель ойида жуда катта миқдорда пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган. Иванов билан бирга яна икки айбланувчи ҳам ҳибсга олинган.
Бу сўнгги ойларда Россия қуролли кучлари раҳбариятидаги ягона шов-шувли иш эмас. Масалан, май ойида Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов ҳам пора олаётганликда айбланиб қўлга олинди. Худди шу ойда Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Май ойи охирида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ҳибсга олинган эди. У 36 миллион рубл миқдорида пора олганликда айбланмоқда ва у аллақачон айбини қисман тан олган.
LiveБарчаси