Россия “Москвич” брендини “тирилтирмоқчи”

Олам 13403
image

Россияда “Москвич” бренди остида автомобиллар ишлаб чиқариш қайта тикланади ва келажакда завод электромобиллар ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин ўзининг блогида маълум қилди.

“Москвадаги “Renault” заводининг чет эллик эгаси уни ёпишга қарор қилди. Бу унинг ҳуқуқи, лекин биз минглаб ишчиларнинг ишсиз қолишига йўл қўя олмаймиз. Шунинг учун мен заводни шаҳар балансига олишга ва тарихий "Москвич" бренди остида автомобиллар ишлаб чиқаришни қайта тиклашга қарор қилдим”, деб ёзади Собянин.

Шаҳар мэрига кўра, КАМАЗ қайта тикланган Москва автомобиль заводи “Москвич”нинг асосий технологик ҳамкорига айланади. Биринчи босқичда ички ёнув двигателига эга классик автомобиллар, келгусида эса электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Унинг таъкидлашича, КАМАЗ ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда Россияда максимал миқдордаги автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида ишлар бошланган.

“Волгоград проспектидаги автомобиль заводи узоқ ва шонли тарихга эга. Деярли юз йил олдин у Ford автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлаган. Ўнлаб йиллар давомида бу ерда афсонавий маҳаллий “Москвич”лар ишлаб чиқарилган. 1998 йилдан бери “Renault” заводи билан ҳамкорлик қилади ва Logan, Dusters ва Sandero конвейердан чиқди. 2022 йилда биз “Москвич” тарихида янги саҳифа очамиз”, дейди Сергей Собянин.

Маълумот учун, март ойи охирида “Renault” Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 653
Рейтинг: 2.9
t
×