Россия миграция соҳасида янгича эксперимент ўтказади
Олам
−
15 Апрель 2023
14752Россия ҳукумати 2023 йилда миграция соҳасидаги ахборотни кузатиш ва қайд этишнинг ягона тизимини ишга тушириш бўйича эксперимент ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг ҳисоботида сўз борган.
Шунингдек, чет эл фуқаролари учун хизматларнинг асосий қисмини рақамлаштириш ва иммиграциядан олдинги марказларни (Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон) ташкил этиш бўйича шартномалар имзолаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жорий йилда Россия иқтисодиёти тармоқларининг чет элдан меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжларини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ва давлат миграция сиёсати концепциясини 2025 йилгача янгилаш режа қилинган.
Россияда мигрантлар федерациясининг собиқ раҳбари Вадим Коженовнинг фикрича, хорижликларни миграция рўйхатидан ўтказиш бўйича мавжуд механизмлар эскирган бўлиб, барча тартиб ва жараёнларни ислоҳ қилиш талаб этилади. Шу муносабат билан Коженов мигрантларга алоҳида ариза ёки давлат хизматлари порталидаги аккаунт орқали ўзини миграцияга рўйхатдан ўтказиш имкониятини беришни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин меҳнат муҳожирларидан фойдаланиш учун солиқ жорий этишни таклиф қилган эди.
LiveБарчаси