Россия криптовалюта оқимини “қўлга олмоқчи”
Олам
−
27 Январь 2022
7551Россияда криптовалюталарни тақиқланмаган ҳолда тартибга солиш концепцияси тақдим этилди. Бунда криптовалюталар билан барча операцияларни банклар орқали амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақа РБК нашри хабар бермоқда.
Россия Молия вазирлиги Швейцариянинг “Aximetria” лойиҳасида амалга оширилган концепцияни асос қилиб олишни ва крипто-ҳамён фойдаланувчиларини тўлиқ аниқлашни таклиф қилмоқда. Ҳар бир транзакцияда Россия ҳукумати уни амалга оширган шахснинг барча идентификация маълумотларидан (тўлиқ исм, рўйхатдан ўтиш манзили, туғилган сана, электрон почта манзили, телефон рақами, паспорт маълумотлари, фотосурат, банк ҳисоб рақамлари ва бошқалар) хабардор бўлади.
“Кескин тақиқ ўрнига тартибга солиш чораларини жорий қилиш ва уларнинг натижаларини назорат қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу нуқтаи назардан, Молия вазирлигининг позицияси тўғри кўринади. Бироқ, у Марказий банк томонидан назорат қилинадиган банкларга таянади, шунинг учун Молия вазирлиги Россия банки билан муросага киришишга мажбур бўлади ", деб изоҳ берган Электрон пул ва пул ўтказмалари бозори иштирокчилари уюшмаси раиси Виктор Достов.
Концепция матнида Федерал хавфсизлик хизматининг шарҳи келтирилган. Унда ушбу ташаббус крипто-ҳамён эгаларининг шахсий маълумотларини олиш имконини яратади, бунинг ёрдамида ҳар қандай криптовалюта операцияларини кузатиш ва ноқонуний ўтказмаларни аниқлаш мумкинлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россия Марказий банки мамлакат бўйлаб майнинг ва криптовалюта фаолияти учун тақиқ қўймоқчи эди. Telegram ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров эса криптовалюталарнинг тақиқланиши IT-мутахассисларининг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келади ва юқори технологияли иқтисодиёт тармоқларини йўқ қилиши ҳақида айтиб ўтганди.
LiveБарчаси