Россия коррупцияга оид конвенциядаги иштирокини тўхтатди
Олам
−
01 Март 2023
3159Россия Президенти Владимир Путин Европа Кенгашининг “Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги конвенцияси”ни Россия томонидан денонсация қилиниши тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур конвенция 1999 йил 27 январда Страцбургда имзоланган. Россия уни 2006 йил июль ойида ратификация қилган. 2023 йил 9 январда Путин Конвенцияни денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат Думасига тақдим этган, депутатлар эса уни 15 февралда қабул қилган.
Федерация Кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачевнинг айтишича, Россия Европа Кенгашининг сиёсий қарорлари билан Коррупцияга қарши давлатлар гуруҳи (GRECO)нинг тўлиқ аъзолигидан маҳрум қилинган ҳолда конвенциядан чиқишга мажбур бўлган. Тегишли резолюция Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси томонидан 2022 йил 23 мартда қабул қилинган. Шундай қилиб, Россия ҳисоботларни муҳокама қилиш, қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
“Россия Федерацияси учун бундай шартлар қабул қилиниши мумкин эмаслиги сабабли, шунингдек, GRECO баҳолаш механизмларида Россия Федерациясига нисбатан камситувчи муносабатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш учун конвенцияни денонсация қилиш таклиф этилди”, деган Константин Косачев.
Россия расмийлари таъкидлашича, конвенцияни денонсация қилиш тўғрисидаги қарорга қарамай, Москва коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро мажбуриятларидан воз кечмайди. Конвенцияни денонсация қилиш коррупция жиноятлари учун жазони кескин ошириш ёки юмшатишга олиб келмайди.
Денонсация нима?
Денонсация халқаро шартномаларни бекор қилиш усулларидан бири бўлиб, шартномани унда белгиланган шартлар асосида давлат томонидан рад этиш тушунилади. Конвенциянинг 41-моддасига кўра, ҳар қандай томон уни исталган вақтда денонсация қилиши мумкин. Бунинг учун Европа Кенгаши Бош котибига билдиришнома юборилади. Денонсация Бош котиб тегишли билдиришномани олган кундан уч ой ўтиб, кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Путин Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича шартнома (START) даги иштирокини тўхтатувчи қонунни имзолаганди. Қонунга кўра, START фаолияти тўхтатилган ва Россиянинг шартномадаги иштирокини қайта тиклаш тўғрисидаги қарор давлат раҳбари томонидан қабул қилиниши мумкин экани айтилганди.
Аввалроқ, 2022 йил 15 март куни Россия Федерацияси Европа Кенгашидан чиқишини эълон қилганди. Айтиш жоиз, Россия 1996 йилдан бери Европа Кенгаши аъзоси бўлиб келган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси