Россия хавфсизлик хизмати ҳибсга олган Эстония консулига чора кўрилди

Олам 6053
image

Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Санкт-Петербургда Эстония консули Март Лайтени “махфий материалларни олаётган пайт” ҳибсга олгани ҳақида хабар бергандик. Бугун, 7 июль куни Россия томони Эстониянинг Санкт-Петербургдаги консули Март Лайте мамлакатни 48 соат ичида тарк этиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова хабар бермоқда.

“7 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига Эстониянинг Россиядаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Улла Уйбо чақирилди. Россия томони Санкт-Петербургдаги Эстония бош консуллиги консули Марта Лайтега дипломатик мақомга тўғри келмайдиган махфий маълумотларини йиғиш фаолияти билан шуғуллангани учун қатъий норозилик билдирди. Эстония консуллик идораси ходими “персона нон грата”, деб эълон қилинди, у Россия Федерацияси ҳудудидан 48 соат ичида чиқиб кетиши керак”, дейилади хабарда.

Фото: Россия ТИВга чақирилган Улла Уйбо

Бундан ташқари, Россия расмий Таллиннинг бу борадаги позициясини “ўта бепарволик”, деб баҳолаган.

“Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Март Лайтенинг ҳибсга олиниши “ноқонуний ва провокацион” экани ва унга қўйилган айбловлар “асоссизлиги” борасидаги изоҳи билан боғлиқ ҳолда, улар вазиятни ёлғон нуқтаи назардан тасвирланишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаганди. 

Биз расмий Таллиннинг ушбу позициясини ўта бепарво, деб биламиз. Чунки бу эстониялик “дипломат”нинг ноқонуний фаолиятига оид инкор этилмайдиган далиллар мавжуд бўлиб, у сиз билганингиздек, Россия фуқаросидан махфий материалларни олаётганда ҳибсга олинган”, дея қўшимча қилди ТИВ вакили.

Фото: Эстониянинг Россиядаги консули Март Лайте

Эслатиб ўтамиз, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Республика консулининг ҳибсга олинишини “провокация”, деб баҳолаганди.

Халқаро стандартларга кўра, дипломатлар ишлаётган мамлакатда дахлсизлик ҳуқуқига эга. Бироқ, қонун бузилган ёки душманлик ҳаракатлари содир этилган тақдирда, уларни ушбу ҳуқуқдан маҳрум этиш мумкин.

Вена конвенциясига кўра, қабул қилувчи давлат дипломатларни юборувчи давлатга ҳар қандай вақтда ваколатхона раҳбари ёки бошқа дипломатик ишчи “персона нон грата”, деб эълон қилинганини ва уни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида хабар бериши мумкин.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 2.9
t
×