Россия халқаро олтин захиралари учун кураш бошламоқчи

Олам 14581
image
-

Россия банки олтин-валюта захираларини музлатишга қарши курашади ва аллақачон судга даъво тайёрламоқда. Бу ҳақда Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина Давлат думасида маълум қилди.

“Бу олтин-валюта захираларининг мисли кўрилмаган музлатилиши, биз қонуний чоралар кўрамиз, ҳозир уларни олиб келишга тайёрланяпмиз. Чунки бундай йирик давлатнинг олтин-валюта захираларининг музлатилиши жаҳон миқёсида мисли кўрилмаган”, деган у.

Регулятор раҳбарининг таъкидлашича, захираларнинг бир қисми музлатилгани сабаб қўшимча валюта назорати нормаларини жорий этишга тўғри келган.

Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Россиянинг халқаро захиралар ҳажми 606,5 млрд долларни ташкил қилмоқда. Ғарб давлатлари санкциялар киритилгандан сўнг Россия олтин-валюта захираларининг қарийб 300 млрд доллардан ортиқ валюта қисмини музлатган. Захираларнинг музлатилиши туфайли Россия ташқи қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатишда муаммоларга дуч келмоқда.

Солиштириш учун, 2021 йил 1 апрелда Россия Федерациясининг халқаро захиралари 573,322 миллиард долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.

Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.

Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.

АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди. 

9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.

6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди. 

7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 193
Рейтинг: 3
t
×