Россия Қозоғистоннинг ерларига кўз олайтиряптими? Тўқаев жавоб берди

Олам

image

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюсида мамлакатнинг Россия билан муоносабатлари хусусида сўз очди.  

“Россия бизнинг Худо томонидан берилган, йиллар давомида ёнма-ён бирга яшаб келаётган қўшнимиз ҳисобланади. Бу қозоқ халқига тақдирнинг битигидир, биз уни ўзгартира олмаймиз. Аксинча, биз икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда давом этишимиз керак. Бу биринчи навбатда Қозоғистоннинг стратегик тамойилларига мосдир”, деган Қозоғистон раҳбари. 

Журналистнинг “Мосвка бизнинг ерларимизга кўз олайтираётгани ҳақида гаплар юрибди” мазмунидаги саволига Тўқаев шундай жавоб қайтарган:

“Ҳақиқатан ҳам бир неча рус сиёсатчилари шимолий ҳудудларимизни ўзиники дея ҳисоблашини маълум қилган. Масалага аниқ жавоб бераман – бу асоссиз ва ноўрин баёнотлар. Албатта, расмий Кремль бундай позицияни қўллаб-қувватламайди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида ҳам ҳеч қачон чегара борасида зиддиятлар бўлмаган. Шахсан Владимир Путиннинг ўзи менга ҳудудлар борасидаги масалалар ҳеч қачон кўтарилмаслиги ҳақида ваъда берган. Шу сабабли хавотирга ҳожат йўқ. Шу йўсинда чегараларимиз тўлиқ ва қатъий белгиланган. Буни бутун дунё тан олган. Икки давлат ўртасидаги муносабатларда ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Россия Президенти ушбу тамойилларга қатъий содиқлигини намойиш этган”.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал  Россия сиёсатининг бир неча вакиллари Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари собиқ Россия Империясининг вассали экани, қозоқ халқи бу ерларга СССР парчаланган пайтда ноқонуний эга чиққани ҳақида маълум қилган. 

Ҳатто, Россия либерал-демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский Қозоғистонга Олма-ота шаҳрини Россияга қайтариш талабини қўйганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

532

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг